Ўзбекистон | 11:35 / 01.03.2017
42014
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Собиқ Иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган эски ҳарбий самолётлардан қутулмоқчи

Кейинги кунларда Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли эски самолётлар сотувга қўйилгани ҳақида хабарлар берилмоқда. 

Американинг Собиқ Иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган ҳарбий техникалар савдоси билан шуғулланувчи Redfish Trading Company компанияси (Техас штати, Сан-Антонио шаҳридан рўйхатдан ўтказилган - таҳр.) қатор самолётларни сотувга қўйган. Бу ҳақда компаниянинг Facebook саҳифасида маълум қилинган.

Хабарда айтилишича, гап 7та МиГ-29 қирувчи самолёти, 5та Су-27 қирувчи самолёти, битта Су-25 ҳужумчи самолёти ҳамда 22та Су-17 русумли қирувчи-бомбардимончи самолётлари хусусида бормоқда.

Ҳарбий техникалар ҳақидаги маълумотларда ушбу самолётлар Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли экани ёзилган.

Бу маълумот Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам қисман тасдиқланган. Вазирликдагилар nuz.uz портали сўровига жавобан, ҳарбий самолётларнинг сотилиши билан «Ўзмахсусимпекс» ташкилоти ёпиқ тендер асосида шуғулланишини айтишган.

Мудофаа вазирлиги ҳақиқатан ҳам ушбу ташкилотга мурожаат қилиб, штатдан ташқари эскирган техникани сотишни таклиф этган, аммо айни пайтгача тендер ғолиби аниқланганича йўқ, бутун техника доимий таянч базаларида қолмоқда.

Вазирликдаги манбанинг маълумотига кўра, сотувга эскирган ҳарбий вертолётлар ҳам қўйилган. Шу билан бирга вазирлик сотилган техника ўрни тўлдирилиши борасида маълумот бермаган.

Мавзуга оид