Тошкент аэропорти божхона ходимлари томонидан 2 килограммдан ортиқ тилла буюмлари мусодара қилинди
Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига оид бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
“Тошкент-Деҳли” йўналишидаги парвоз олдидан самарқандлик Ж.Аҳадов 11,5 млн. сўмдан ортиқ қийматдаги 180 гр. тиллани яширин йўллар билан олиб чиқишнинг антиқа йўлини танлади. Унинг шими тугмалари ясама тарзда олтиндан қуйилгани ва божхоначиларни чалғитиш мақсадида устидан бўялгани аниқланди.
Шунингдек, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари тилла ва заргарлик буюмларини божхона назоратидан четлаб олиб ўтишнинг жирканч усулини танлаган, яъни уларни ички аъзоларига бекитган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган бир қатор аёлларнинг қинғир қилмишларини фош қилишди.
Жумладан, “Истанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган Ш.Маматкулова дастлабки маълумотларга кўра қиймати 3 млн. 300 минг сўмдан ортиқ бўлган 54 гр.дан ортиқ заргарлик буюмларини худди шу усулда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Шахсий кўрикдан ўтиш давомида божхоначилар ва холислар қаршисида уялиб қолганлардан яна бири – Х.Ахмедовадир. Ушбу шахс ички аъзоларига яширганча қиймати салкам 5 млн. сўмлик 60 гр.дан ортиқ заргарлик буюмларини Бокуга олиб чиқишни режалаштирган экан.
Ҳиндистонга йўл олган Д.Ходжибекова ва унинг синглиси Д,Мусабековалар ҳам божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, йирик миқдордаги қуйма тиллаларни ички аъзоларига яширганча олиб чиқаётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Шахсий кўрикдан ўтказиш давомида Д.Ходжибекова оғирлиги 298 гр.га тенг 3 дона қуйма тиллалар, Д,Мусабекова эса 253 гр. оғирликдаги 3 дона қуйма тиллаларни ноқонуний равишда олиб чиқишга урингани маълум бўлди.
Бу ҳам етмаганидек, ушбу шахслар картошка чипслари ва ярим тайёр угра қадоқлари ҳамда маҳсиларнинг ичига яширганча 2 турдаги 630 қутидан ортиқ сигаретларн ҳам олиб чиқишаётган экан.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 2016 йилда 138 та божхона қоидабузарликлари аниқланган бўлиб, натижада қиймати 2,5 млрд. сўмлик 41 кг.дан ортиқ тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса мазкур йўналишда 20 та қонубузарлик ҳолатлари фош қилиниб, қиймати 93,4 млн. сўмлик 2 кг. 200 гр.дан ортиқ тилла ва заргарлик буюмларининг яширинча олиб ўтилишига чек қўйилди.
Мавзуга оид
15:05
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024