Ўзбекистон ва General Electric ўз ҳамкорлигини маҳсулотларни маҳаллийлаштириш билан мустаҳкамлайди
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси йил сайин ошиб бормоқда. Ўзбекистонда АҚШ сармоядорлари билан ҳамкорликда тузилган бир неча қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, АҚШ фирма ва компаниялари мамлакатда ваколатхоналарини очган. Улар автомобилсозлик, нефть-кимё, тўқимачилик ва енгил саноат, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослашган.
АҚШнинг General Electric компанияси ана шундай ишончли ҳамкорлардан бири. Ушбу компания вице-президенти Роналд Жеймс Поллет Ўзбекистонда чет эллик сармоядорлар учун яратилган шароитлар, General Electric компаниясининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги лойиҳалари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўзбекистон тез суръатлар билан ривожланиб бораётган давлатлар қаторига киради. Мамлакатингизда қабул қилинган тараққиётнинг келгуси беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодий самарадорликни кескин ошириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштириш қаторида хорижий инвесторлар билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳам кўзда тутилгани чет эллик шерикларни қувонтирмоқда.
Ўзбекистон бозорида General Electric компанияси фаолият бошлаганига 10 йилдан ошди. Ўзбекистонлик шерикларимиз билан авиация, нефть-газ, электр энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа соҳаларда муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.
«Ўзбекнефтгаз» компанияси билан энергетика соҳасида модернизация ишларида қатнашмоқдамиз. Соҳа мутахассисларининг чет элда малака оширишини ташкил этмоқдамиз.
Ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан суҳбатда бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро ҳамкорлигимиз суръатидан мамнунмиз. Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари билан меморандум имзоладик. Ушбу ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва General Electric компанияси ҳамкорлигида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.
Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни изчил ривожлантириш тарафдоримиз. Бинобарин, бу ҳамкорликдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор.
Мавзуга оид
00:54
Путин Трампни президентлик сайловларидаги ғалабаси билан табриклади
23:51 / 07.11.2024
АҚШдаги тадқиқот марказидан 40 га яқин маймун қочиб кетди
23:15 / 07.11.2024
Трамп — президент! У Украинадаги урушни тўхтата оладими?
22:15 / 07.11.2024