12:32 / 06.03.2017
6936

Қозоғистонда президент ваколатларининг бир қисми парламентга ўтди

Қозоғистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари депутатлари иштирокида бўлиб ўтган қўшма мажлисда иккинчи, яъни сўнгги ўқишда конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тўлдиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Бу ҳақда “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев президент, парламент ва ҳукумат ўртасида ҳокимият бошқаруви ваколатларини тақсимлаш имконини кўриб чиқиш учун махсус комиссия фаолият олиб бораётганини таъкидлаб, “мамлакатда президент бошқарув  тизими сақланиб қолади”, деб қайд этган эди.

Кейинроқ Назарбоев, ислоҳотлардан кўзланган якуний мақсад Қозоғистонда ҳукумат ва парламент ўрнини оширишга қаратилгани ва президент олий ҳакам вазифасини амалга оширувчи шахсга айланишини айтганди.

Қозоғистон конституциясига ўгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига биноан, ҳукумат таркибини шакллантиришда ва Вазирлар Маҳкамамаси фаолиятини назорат қилишда парламент ўрни кучаяди. Хусусан, ҳужжатда давлат дастурларини тасдиқлаш ваколатлари президент назоратидан чиқарилиб, парламент зиммасига юклатилиши  кўзда тутилган.

Шунингдек, ўзгартиришлар давлат бюджети ҳисобидан кун кечирадиган барча органлар ишчиларини молиялаш ва иш ҳақларини тўлаш ягона тизимини тасдиқлаш вазифасини ҳам ҳукумат зиммасига юклайди. Шундай бўлсада, бу борадаги тадбирлар,  ўз навбатида, президент билан келишилган ва маслаҳатлашилган ҳолатда амалга оширилишига ҳам урғу берилаяпти.

Бундан ташқари, ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида  инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоялаш, миллий ҳавфсизлик ҳамда суверенитетни таъминлаш мақсадида президентга Конституцион Кенгашга амалга киритиладиган қонун ҳужжатларининг конституцияга монандлигини кўриб чиқиш юзасидан мурожаат бериш ҳуқуқини белгилайди. 

Қозоғистон парламенти келажакда қонунларни қабул қилиш ва тасдиқлашдан ташқари қонунчилик ҳокимиятини ҳам амалга ошириши айтилмоқда. Мамлакат ҳукумати ўзгартиришлар кучга кириши билан президент ва парламент олдида тенг равишда масъулият ва жавобгарликка эга бўлади. Вазирлар маҳкамасининг раҳбари ҳукуматнинг асосий вазифалари йўналишлари ҳақида нафақат президентга, балки парламентга ҳам баёнот беради. 

Бундан ташқари, ҳукумат нафақат янги сайланган президент олдида балки янги тайинланган парламент олдида ҳам ўз ваколатларини топширади.

Top