Жаҳон | 21:53 / 06.03.2017
9874
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили Украинанинг "доҳийси" бўлмоқчи

Грузиянинг собиқ президенти, Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили LIGA.net порталига берган интервьюсида янги Украинага "асос солган доҳий"ларидан бири бўлишига умид қилишини айтди. 

"Улардан бири бўлиш мен учун катта шараф", — деган сиёсатчи ҳамда "қачонлардир Жефферсон, Вашингтон ёки Ҳамилтон АҚШни барпо этганидек" Украинани барпо эта оладиган одамларни қидираётганини таъкидлаган.

Саакашвили ўзининг яқинда ташкил этилиб, рўйхатдан ўтган "Янги кучлар ҳаракати"га кўп нарсани боғламоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги Киев маъмурияти мамлакатни ўзгартириш имкониятини бой берган. "Янукович ҳукуматидан фарқли ўлароқ, Порошенко ва Яценюк қандай қилиб яхшироқ қилишни билишади, аммо қасддан амалга оширишмаяпти", — деб қўшимча қилган Грузиянинг собиқ раҳбари. 

Саакашвилининг фикрича, президент Пётр Порошенко "нимадир ваъда қилиш"ни ҳам тўхтатиб, "медиа устидан назоратни ўрнатиш" билан шуғуллана бошлади. 

2016 йил ноябрида Михаил Саакашвили Украинанинг Одесса вилояти ҳокими лавозимини тарк этган эди. У ўз қарорига Украина ҳукуматининг коррупцияга қарши курашишни хоҳламаётганини важ қилиб кўрсатганди. 2017 йил февраль ойида Украина адлия вазирлиги "Янги кучлар ҳаракати" партиясини рўйхатга олди. Саакашвилининг сўзларига кўра, бу ҳаракат мамлакатда янги сиёсий тоифани шакллантиради ва Украинани "буюк давлат"га айлантиради. 

Шу билан бирга, Саакашвилининг ватани Грузияда 2013 йилда унга нисбатан бир нечта жиноий иш қўзғатилган. 

Мавзуга оид