Фан-техника | 13:39 / 08.03.2017
8530
2 дақиқада ўқилади

Хитойликлар Женева моторшоусида олти моторли суперкарни намойиш қилишди

Хитойнинг Techrules компанияси Женева автокўргазмасида дизель-электрли Ren суперкарининг жаҳон тақдимотини ўтказди. Унинг энг кучли намунасига 6та электрмотор ўрнатилади. Серияли моделнинг микротурбогенераторли моторга эга намунаси 1300 от кучига эга бўлади. 

Фирма Ren суперкарини бир неча модификацияда тақдим этади. Яъни харидор 2, 4 ёки олти мотор ўрнатилган машинадан бирини танлаши ёхуд иккита турбинали дизель ёқилғисида ишловчи бир моторли машинани сотиб олиши мумкин. Уларга ўрнатиладиган батареялар ҳажми ҳам фарқланади ва 14, 25 ёки 32 кВт/соатни ташкил этади. Суперкарнинг энг кучлисига олтита электр мотор жойланади. 

Жами 1305 от кучига эга бўлган 1630-кглик машина 2,5 сонияда соатига юз километр тезликка эришади. Унинг энг юқори тезлиги соатига 320 кмга тенг. Бу машинада ҳар юз кмга ёқилғи сарфи, ишлаб чиқарувчиларга кўра, 7,5 литрдан ошмайди. Шу билан бирга, 1170 км масофани 80 литр дизел билан босиб ўтиш мумкин. Электр моторлар захираси 200 кмни ташкил этади. 

Techrules компаниясига кўра, патентлаштирилган TREV гибрид тизими 2 минг кмгача масофани ортда қолдира олади. Аккумуляторларни 80 фоизга тўлдириш учун махсус қувватлагич воситасида 15 дақиқа вақт талаб этилади. Батареяларни 100 минг мартагача қайта қувватлаш мумкин. 

Суперкар карбон-керамик тормозлар билан жиҳозланган. 

Моделнинг шасси ва кузовини Италиянинг L.M. Gianetti фирмаси тайёрлаган, дизайнини Джорджетто Джуджаро ва ўғли Фабрицио томонидан чизилган. Салонга деярли тўлиқ очиладиган том узра кирилади. Машинага ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари, хоҳишга кўра, яна иккита ўриндиқни жойлаштириш мумкин. 

Мавзуга оид