Ўзбекистон | 19:15 / 08.03.2017
53664
4 дақиқада ўқилади

Тожикистонга Ўзбекистон гуманитар ёрдами етиб борди (фото)

2017 йилнинг бошланиши Тожикистон учун анча қорли келди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида мамлакатнинг тоғли туманларида кузатилган кучли қорлар оқибатида йирик қор кўчкилари содир бўлди. Уларнинг сони Тожикистоннинг бутун ҳудуди бўйлаб 500дан ошди. Афсуски, табиий офат оқибатида нафақат иқтисодий зарар етди, балки инсонлар ҳам ҳалок бўлди.

Тожикистоннинг яқин қўшниси ва қардош давлат бўлган Ўзбекистон ушбу мамлакат ҳукуматининг табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимосига биринчилардан бўлиб жавоб қайтарди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, қисқа муддатлар ичида 60 тоннадан ортиқ гуманитар юк шакллантирилди ва Тожикистонга жўнатилди, деб ёзади ЎзА.

Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, қурилиш материаллари, кўмир, иссиқ кийим ва биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа товарлар ортилган юк машиналари колоннаси 7 март куни эрта тонгда Сурхондарё вилоятининг Тожикистон билан чегарадош бўлган Узун туманига етиб борди. 

Гуманитар юкка Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Арипов бошчилигидаги делегация ҳамроҳлик қилди. Бу ерда уларни Узун тумани ҳокимияти вакиллари, ўқув муассасалари ходимлари, ёшлар, меҳнат фахрийлари кутиб олди. Улар Ўзбекистон раҳбариятининг қўшни мамлакатга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги ташаббуси ўз вақтида бўлганини қайд этиб, делегацияга оқ йўл тилашди.

Ўзбекистон делегацияси “Сариосиё” чегара пунктидан ўтиб Турсунзода шаҳрига етиб келди. Бу ерда уни Тожикистон Республикасининг фавқулодда вазиятлар бўйича Қўмитаси раиси Назарзода Рустам, қўшни мамлакатнинг бошқа вазирлик ва идоралари вакиллари, шунингдек Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов кутиб олдилар. Керакли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг, юк машиналари пойтахт Душанбега гуманитар ёрдамни тушириш учун йўл олди.

Гуманитар юк етказилган Тожикистон Республикасининг давлат харидлари бўйича Душанбедаги озиқ-овқат омборида журналистлар учун қисқа брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Арипов матбуот вакиллари олдида чиқиш қилиб, бу Ўзбекистон қўшни давлатга оғир пайтларда ёрдам қилаётгани билан боғлиқ биринчи вазият эмаслигини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон уч йил аввал Тожикистонга йирик ҳажмдаги гуманитар юкни жўнатган. К.Ариповнинг таъкидлашича, бу Ўзбекистон минтақа бўйича қўшниларига ҳар доим ёрдам беришга тайёрлигини билдиради.

Ўз навбатида, Тожикистон Республикасининг фавқулодда вазиятлар бўйича Қўмитаси раиси Назарзод Рустам Душанбе қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларга мамлакатнинг табиий офатдан жабр кўрган ҳудудларига ёрдам беришни сўраб илтимос қилганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бу илтимосга биринчилардан бўлиб жавоб берган ҳамда ўз қўшнисига ёрдам қўлини чўзган.

- Тожикистон ҳукумати номидан Ўзбекистон ҳукумати ва раҳбариятига ўз вақтида бизга ёрдам кўрсатилгани учун миннатдорлик билдираман, - дея маълум қилди Н.Рустам. – Ўзбекистон ФВВ ва бошқа идораларининг ажойиб иши катта эътиборга лойиқ. Улар сабаб Тожикистонга гуманитар юк ўз вақтида етказилди. Раҳмат сизга, азиз ўзбек дўстларимиз!

Мавзуга оид