Иқтисодиёт | 13:56 / 09.03.2017
9003
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккўмир» 690,5 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширади

«Ўзбеккўмир» АЖ 690,5 млн. АҚШ долларилик олтита инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Uzdaily.uz.

Лойиҳалар 2017-2021 йилларда кўмир саноатини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилади.

Хусусан, компания қиймати 105,5 млн. доллар бўлган «Шарғункўмир» Акциядорлик жамияти модернизацияси» дастурини амалга ошириш ниятида.

Шунингдек «Ангерен» кони қурилиши» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 165 млн. доллар.

Яна 175,2 млн. доллар «Нишбош» кони қурилиши» лойиҳасига инвестиция қилинади. «Ўзбеккўмир» АЖ «Эскирган ускуналарни алмаштириш» лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг дастлабки қиймати – 170,2 млн. доллар. Ушбу лойиҳа доирасида тоғ-кон технологияси ва ёрдамчи ускуналарини харид қилиш мўлжалланган.

Шунингдек қиймати 15 млн. доллар бўлган «Ўзбеккўмир» АЖ ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш» ва қиймати 59,6 млн. доллар бўлган «Темир йўл транспорти модернизацияси» лойиҳасини амалга ошириш кўзланган.

Лойиҳалар кўмир соҳаси корхоналарининг ўз маблағлари (155,6 млн. доллар), тижорат банклари кредитлари (155,6 млн. доллар), Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари (68,7 млн. доллар) ва Хитойнинг ШҲТ давлатлари учун имтиёзли кредитлари (378,7 млн. доллар) ҳисобидан молиялаштирилади.

«Ўзбеккўмир» АЖ маълумотларига кўра, натижада фойдали қазилмаларнинг юзини очиш ҳажми 2016 йилдаги 21 млн. куб метрдан 2021 йилгача 27,8 млн. куб метрга қадар ошади.

2016 йилда очиқ усулда кўмир қазиб олиш ҳажми 3,6 млн. тоннани ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 4,17 млн. тоннага қадар кўпаяди.

«Ўзбеккўмир» АЖнинг таъкидлашича, кўмир қазиб олиш умумий ҳажми 2016 йилдаги 3,87 млн. тоннадан 2021 йилга келиб 11,67 млн. тоннага қадар ортади.
  

Мавзуга оид