Жаҳон | 17:30
3961
4 дақиқада ўқилади

Сурия армияси курдлар назоратидаги ҳудудга кирди

Сўнгги ҳафталарда курд кучлари ва ҳукумат қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувлардан сўнг вазиятга АҚШ аралашди. Шундан кейин курд қўшини чекинишга рози бўлган, Аҳмад аш-Шаръа эса курд халқи ҳуқуқлари илк бор тан олинган фармонни имзолаган.

Фото: EPA

Суриянинг ўтиш даври ҳукумати армияси Ҳалаб шаҳри шарқидаги ҳудудларга кирди, сўнгги йилларда бу ҳудудни назорат қилиб келган курд ҳарбий тузилмалари эса шарқ томон чекинган.

Ҳукумат қўшинларини Ҳалабдан тахминан 50 км масофада жойлашган Дайр-Хафир шаҳри чеккаларида кўришган. Тармоқларда ушбу ҳудудда ҳаракатланган танклар акс этган кадрлар ҳам пайдо бўлди.

Жума куни курдларнинг Сурия демократик кучлари Фрот дарёси шарқий соҳилига чекинишини эълон қилди. Бундан олдин АҚШ вакиллари билан музокаралар ўтказилган ва ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаръа курд тилига Сурияда давлат тили мақомини беришни ваъда қилганди. Сўнгги ҳафталарда курд кучлари ва ҳукумат қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувлардан сўнг вазиятга АҚШ аралашди.

Сурия армияси SANA давлат ахборот агентлиги орқали берган баёнотида Фрот дарёсининг ғарбий қисмидаги ҳудуд устидан назоратни мустаҳкамлаш операцияси доирасида Дайр-Хафир устидан «тўлиқ ҳарбий назорат» ўрнатганини маълум қилди. Фуқаролардан ҳудуд миналардан ва жанговар ҳаракатларнинг бошқа оқибатларидан тўлиқ тозаланмагунча ушбу ҳудудга бормаслик сўралган.

Бу ҳудудда яшовчилар эвакуация қилинади. Сурия расмийларига кўра, камида 4 минг киши ҳудудни тарк этган.

АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган курдлар етакчиси Мазлум Абди Сурия демократик кучларини «Фрот шарқидаги қайта жойлаштириш ҳудудлари»га олиб чиқишга рози бўлди ва буни «дўстона мамлакатлар ва воситачиларнинг чақириқлари»га жавобан амалга оширганини таъкидлади.

Жума куни, қўшинларни олиб чиқиш бошланиши арафасида президент аш-Шаръа курд тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади, шунингдек, курдларнинг янги йили (Наврўз)ни давлат байрами деб эълон қилди.

Ушбу фармон 1946 йилда мамлакат мустақилликка эришганидан бери Суриядаги курд халқининг ҳуқуқлари илк бор расман тан олиниши бўлди. Ҳужжатда «аввалги тузумлар даврида ўнлаб йиллар давомида эзилгани» курдлар Суриянинг «энг муҳим ва ажралмас қисми» ҳисобланиши айтилган.

Сурия шимоли ва шимоли-шарқини назорат қилувчи курд мухторияти ва марказий ҳокимият ўртасидаги келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Аш-Шаръа фармонига жавобан курд раҳбарияти бу фақат «биринчи қадам» экани ва «вақтинчалик фармон» «халқ иродасини ифодаловчи доимий конституция»да мустаҳкамланиши кераклигини таъкидлади.

Сурия шимоли-шарқидаги ҳудудлар нефтга бой ҳисобланади. Курд кучлари фуқаролик уруши ва ИШИДга қарши ҳарбий ҳаракатлар даврида ушбу ҳудудлар устидан назорат ўрнатган.

2024 йил декабрида Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилгач, янги президент аш‑Шаръа курд ҳарбий тузилмалари Сурия давлат армиясига интеграция қилинишини эълон қилди. 2025 йил мартида Сурия демократик кучлари ҳамда ўтиш даври ҳукумати ўртасида тегишли келишув имзоланганди. Аммо қарийб бир йил ўтиб ҳам унинг бандлари бажарилмаяпти ва томонлар бир-бирини келишувни бузишда айблаб келмоқда.
 

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид