Жамият | 19:47 / 11.03.2017
20151
3 дақиқада ўқилади

“Болангиз туғилган кунида базму жамшидлар уюштириб берасизу, 5 минг сўмлик китоб олиб бермайсиз...”

Яқинда тақдир тақозоси билан бир мактабда ота-оналар йиғилишида иштирок этиб қолдим. Аниқроғи оналар мажлисида!

65 нафар она ва 3 нафар ота! (Аслида 200 нафар ота-она келиши кутилган экан) Аввал гап болаларнинг кўп функцияли телефондан фойдаланиб, натижада дарсда нофаол иштироки ҳақида гап кетган бўлса, кейинги масала “Кўк кит” номи билан машхур жирканч ўйин ҳақида, уни домидан болаларимизни асраш ҳақида гап кетди. 

Педагог шикоятини эшитинг:

  • • Болалар дарс вақтида интернетдан фойдаланиб, телеграм, whatApp, одноклассники.ру орқали бир бир билан мулоқотлашиб ўтиради
  • • 6-синф ўқувчини телефони хотирасидан порнографик суратлар чиқади
  • • Ҳамма болалар мактабга қулоқчинларда келади (мусиқа эшитиш учун)
  • • Уйга вазифа бажарилиши кам
  • • Кундаликка ота-она томонидан кўрилганлигини исботловчи имзолар йўқ…

Ахир булар….. биз боламизни мактабга таълим олиш учун жўнатяпмизми ё бир-биримиз билан болаларимизга олиб берган қиммат телефонлар орқали мақтанишяпмизми?! Камига, педагоглар қарамаяпти, деган дашном ҳам қилишди.

Чидолмадим, йиғилиш охирида ўша педагогни айблаган ота-оналарга минбардан савол бердим:

Сиз болангизни дарс жадвалини биласизми? Қачон тугайдию, қачон уйга кириб келяпти биласизми?

Сиз болангиз билан бирон марта ўтириб дарс тайёрлаганмисиз? 

Сиз болангизни телефонини ипидан игнасигача текшириб назоратга олганмисиз?

Сизни болангиз кимлар билан дўст, уларни биласизми?

Ҳамма жим….давом этдим

- Эринмасдан болангиз пайнети учун 10-20.000 сўм ишлатасиз, туғилган кунида базму жамшидлар уюштириб берасизу, ҳафтада 5000 сўмлик китоб олиб бермайсиз?!

- Ҳеч кимдан кам бўлмасин деб зўр кийинтирамизу, олимпиадага қатнашган ўртоғини гапирса , қўявер ўқиганни қайси бири машина олибди, деб болани бузамиз?!

Ким боласи билан ҳар куни ақалли 15 дақиқа китоб ўқиди?! Ота келади, мен ишлаб чарчаб келдим, қоч, футбол кўраман деса, она уйда ўтириб, майда ишлар чарчатти, деб бошқа хонага кириб сериал кўрса, бола ўртада билганини қилса, қани келажак?! Қани умидлар!? 

“Кўк кит” ютиб кетмайдими?!

Ўзбек деган миллатни бутун дунё таниётган, бобокалонларимиз қилган ишларни кўриб, бизга ҳавас қилаётганлар қанча! Мафкуравий ҳужумлар бўлаётган замонда, болаларимиз онгида фильтрни шакллантириш ўрнига, уларни суст иродали инсонларга айлантириб қўймайлик. 

Бугун боламизга бефарқ бўлсак, айни келажакка қадам қўяётган муҳим жараёнда нишонни хато олса..бундан ёмони йўқ! 

Шу юрт, шу миллат барчимизники, унинг бугуни, эртаси, қувонч ва ташвиши ҳам барчамизга бир! Унинг эртанги куни, албатта, ёшларнинг қандай ҳаракат қилмоғига боғлиқ. Унутманг!

Жасур Мирзамаҳмудов

Мавзуга оид