18:13 / 11.03.2017
12136

Россиялик журналист Қирғизистондан чиқариб юборилди

Фото: Regnum

Regnum ахборот агентлигининг Қирғизистондаги бош муҳаррири Григорий Михайлов ушбу мамлакатдан чиқариб юборилди, деб хабар бермоқда нашр.

Журналистнинг сўзларига кўра, полковник унвонига эга бўлган милиция ходими ва фуқаролик кийимидаги икки шахс уни кўчада ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхтатишган. Текширув жараёнида россиялик фуқаронинг рўйхатдан ўтиш муддати санаси ўтиб кетгани аниқланган. Бундай қоидабузарлик одатда 10 минг сом миқдоридаги жаримага сабаб бўлади. Бироқ Михайловга тушунтиришларича, норматив ҳужжатлардаги ўзгаришлар туфайли, милицияга бундай қоидабузарликни аниқланса, фуқарога чегара пунктига қадар ҳамроҳлик қилиш мажбурияти юклатилган – бунда у мамлакат ҳудудига такроран киради ва рўйхатини янгилайди. Бишкек ва чегара ўртасидаги масофа эса 25 километрга тенг.

Шу билан бирга, милиция ходимлари журналистнинг уйига бирга боришиб, у ерга киришга уринишган, муҳарририят таркиби, REGNUM ахборот агентлиги иш услуби ва мамлакатдаги асосий сиёсий воқеалар ҳақида унинг фикри билан қизиқишган.

Григорий Михайловни «Лексус» хизмат автомобилида чегарагача олиб боришган ва Қозоғистон ҳудудида туширишган. Бироқ паспорт назоратидан ўтиш чоғида аниқланишича, Михайловнинг номи Қирғизистон ҳудудига кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилган бўлган. Шу билан бирга, журналистга ҳеч қандай қоғозларни тақдим этишмаган. Шунингдек айнан қайси идора ёки тузилма уни бу рўйхатга киритгани юзасидан ҳам тушунтириш берилмаган. Михайловга барча саволлар бўйича тўғридан-тўғри мамлакат ИИВга мурожаат қилиш таклиф этилди.

Қирғизистон президенти ОАВни туҳмат ва вазиятни беқарорлаштиришда айблади

Top