Берлиндаги халқаро туризм ярмаркасида Ўзбекистон вакиллари иштирок этишди
Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтган “ITB Berlin – 2017” халқаро туризм кўргазмасида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилди.
Ушбу кўргазма энг йирик халқаро сайёҳлик анжуманларидан бири бўлиб, жорий йил унда 187 мамлакатдан ўн мингдан зиёд фирма ва компания вакиллари иштирок этди. Кўргазмага икки юз мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. ЎзА шу ҳақида хабар берди.
Мазкур тадбир сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган бўлиб, унда саёҳат, фаол туризм, спорт туризми ва спорт маҳсулотлари, сайёҳлик ва ахборот технологиялари, ёшлар туризми, экотуризм, маданий сайёҳлик, сайёҳлик бизнеси, круиз каби йўналишларга оид ўнлаб бўлимлар ишлади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилинишича, “Messe Berlin” кўргазма мажмуасида ўтказилган анъанавий анжуманда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, мамлакатимизнинг «Asia Adventures», «Havas Tour», «Compass Tour», «Registon Travel», «Sitara International», «Sarbon Tour», «Olympic Tour Service», «Azimut Samarkand Travel», «Dolores Travel Services», «Euroasia Travel», «Bella Asia», «Oriental Tales» каби қатор сайёҳлик компаниялари ўз хизматларини намойиш этди. Ярмарка иштирокчилари мамлакатимизда туризм соҳасида яратилган шарт-шароитлар, таклиф этилаётган хизматлар, меҳмонхоналар, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумотлар билан танишди.
Нуфузли туризм форумидан ўрин олган “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос дизайни, миллий безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчиларининг эътиборини тортди. Мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари, диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотлар ва суратларни ўз ичига олган альбомлар, рисола ва нашрлар, халқ амалий санъати намуналари барчада катта таассурот қолдирди. Миллий куй-қўшиқларимиз ва ранг-баранг рақсларимиз ижроси, серқуёш заминимизда етиштирилган сархил мевалар ҳамда миллий таомларимиз йиғилганларга ғоят манзур бўлди.
“ITB Berlin – 2017” халқаро кўргазмаси мамлакатимиздаги сайёҳлик хизматларини халқаро туризм бозорларига таклиф этиш, ушбу соҳа вакилларининг чет эллик ҳамкасблари билан ҳамкорлигини кенгайтириш имконини берди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шаропов раҳбарлигидаги делегация Германия Бундестагининг туризм ва спорт бўйича қўмитаси, Германия сайёҳлик уюшмаси, Савдо-саноат палатаси каби қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар давомида сайёҳлик соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган анжуман ўтказилди. Сайёҳлик соҳаси вакиллари иштирок этган тадбирда туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Мамлакатимизнинг табиий, тарихий ва маданий мероси, диққатга сазовор жойлари, сайёҳлик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024