Туризм | 10:25
974
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар учун визасиз давлатлар сони кўпайиши мумкин

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқаролари учун визасиз сафар қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган «Долзарб виза» ойлигини бошлади. Ташаббус доирасида хорижий давлатлар билан визасиз режим, электрон визалар ва соддалаштирилган виза тартиблари бўйича музокаралар фаоллаштирилади.

Фото: 123RF

Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, мазкур ойлик Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

Унинг доирасида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари мамлакат фуқаролари учун визасиз сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, виза расмийлаштириш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда замонавий ва қулай виза механизмларини жорий этиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокараларни янада фаол олиб боради.

Вазирлик маълумотига кўра, асосий эътибор Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим жорий этиш, электрон визалар, соддалаштирилган виза тартиблари ва бошқа енгиллаштирилган механизмларни кенгайтиришга қаратилади.

Қайд этилишича, мазкур ташаббус ўзбекистонликларнинг халқаро ҳаракатланиш имкониятларини янада ошириш, хорижга сафар қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатнинг очиқ ва фаол ташқи сиёсатини изчил амалга оширишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид