Кабулов: Афғонистонда кенг қамровли қонли тўқнашувлар эҳтимоли мавжуд
Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов «АП» агентлиги билан суҳбатда толиблар билан алоқалар, Россиянинг афғон инқирозига барҳам беришдаги ўрни, Марказий Осиёнинг бу масаладаги роли хусусида фикрларини билдирди. У Тожикистонга сафар қилиб, бу ерда республика ТИВ раҳбари биринчи ўринбосари Низомиддин Зоҳидий ва бошқа ҳамкасблари билан учрашган. Унда Афғонистондаги вазият муҳокама қилинган.
Кабуловнинг айтишича, ҳозирда, Афғонистонда янги жанг мавсуми, 2017 йил баҳор-ёз ойларидаги ҳарбий кампания бошланиши арафасида. Шу йилнинг қиш ойларида «Толибон» ҳаракати мамлакатнинг айрим туманлари, аниқроғи жанубида аввалги йилларга қараганда кам ҳаракат қилганини эътиборга олсак, баҳор-ёз ойларида қамрови кенг ва қонли жанговар тўқнашувлар бўлишини тахмин қилиш мумкин.
Фуқаролик уруши бу мамлакатни яна экстремистлар ва террорчиларнинг таянч базасига айлантириши эҳтимол. Улар Афғонистонни ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга оширишда тайёргарлик майдони сифатида кўришади.
Унинг айтишича, Россия афғон масаласини бир ўзи эмас, балки минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликда ҳал этади. Россия фақатгина ушбу муаммони ҳал этишда ташаббус кўрсатиши мумкин. Бунда нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатлар ҳам саъй-ҳаракатларини бирлаштириши керак.
Замир Кабуловнинг сўзларига кўра, НАТОнинг 16 йил мобайнида Афғонистонда бўлиши мамлакатдаги вазиятни янада ёмонлаштирган. “Шундай экан, мазкур муаммони ҳал этишда минтақа мамлакатлари бўлмаган давлатларни аралаштирмаслик мақсадга мувофиқдир”, - деган фикрни билдирган Кабулов.
Шу йилнинг 14 апрелида Москвада Афғонистондаги вазият бўйича кенгайтирилган маслаҳатлашувлар бўлиб ўтади. Унга Афғонистонга қўшни бўлган барча мамлакатлар таклиф этилган бўлиб, мазкур муаммони қандай қилиб босқичма-босқич ҳал этиш йўллари муҳокама этилади. Анжуманда Афғонистон ҳукумати ва унинг қуролли рақиблари ўртасида миллий келишув жараёни бошланишига туртки бериш масаласи кўриб чиқилади.
Кабуловнинг ойдинлик киритишича, у Афғон ҳукуматининг қуролли мухолифати деганда, биринчи навбатда «Толибон» ҳаракатини назарда тутади.
“Чунки, толиблар «Ал-Қоида» билан аввалги ҳамкорлигидан хулоса чиқариб олишди. Улар, эндиликда, трансчегаравий жиҳод уруши ҳақидаги ғояларни тарк этган ва шу маънода улар Афғонистонннинг қуролли мухолифати сифатида намоён бўлмоқда. Улар Афғонистондаги вазиятни куч ишлатиш йўли билан ҳал этишга уринмоқда. Уларнинг асосий норозилиги мамлакатда хорижий қуролли кучларнинг бўлишидир. Шу билан бирга, толиблар Афғонистонда ҳақиқий ҳокимият ўрнатилишини талаб қилишмоқда”, -дея фикр билдирган Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024