08:26 / 18.03.2017
6231

Sony қурилма қувватини симсиз равишда тарқатиш усулини патентламоқда

Фото: ELIZABETH PIERSON/MASHABLE

Япониянинг Sony компанияси электрон қурилмалар ўртасида қувватларни ўзаро симсиз баҳам кўриш имконини берувчи усулни патентлаш учун ариза топширди. Шунга кўра, смартфонлар, планшетлар ва компьютерлар ўзаро қувватларини улашиши мумкин бўлади. 

АҚШ патентлаш агентлигига топширилган ҳужжат матнида қайд этилишича, энергия алмашувини амалга ошириш учун локал тармоққа ўхшаш тармоқ ҳосил қилинади. Қурилмалардаги антенналар ўзларининг яқинларидаги бошқа қурилмалар билан боғланиб, ўзаро қувватларини улашади, деб ёзмоқда Mashable.

Шу билан бирга, фойдаланувчи кимга қувват беришни ёки кимга уланиш масаласини ўзи ҳал этиши мумкин. Рўйхатдаги ишончли қурилмалар ўртасида энергия алмашуви ўз-ўзидан амалга ошаверади. Булар смартфонлар, планшетлар, ноутбуклар ва ушбу технологияни қўллай оладиган бошқа гаджетлар бўлиши мумкин. Асосийси, бу тармоқ фақатгина иккита қурилма орасида ишламайди, балки кўплаб гаджетларни ўзаро боғлаш мумкин бўлади. 

Қайд этиш жоизки, бу ҳозирча, шунчаки патент учун топширилган ғоядир. Яъни ҳозирча ишлаб чиқилмаган, ҳаётга жорий қилинмаган. Шундай экан, бу технология тез орада мобил қурилмаларда пайдо бўлишини кутмаса ҳам бўлади. 

Top