Жамият | 21:10 / 20.03.2017
81599
7 дақиқада ўқилади

«Кўк кит» мактаб ўқувчисига онасини ўлдиришни вазифа қилиб топширди

Москвадаги мактаб ўқувчиларидан бири «Кўк кит»дан онасини ўлдириш ҳақида топшириқ олган. Москвалик 36 ёшли аёл ўғлининг ёзишмаларини ўқиб қолгач, полицияга мурожаат қилган.

«Москва» янгиликлар агентлигида ёзилишича, ушбу аёл 7-синфда ўқийдиган ўғлининг «ВКонтакте»даги саҳифасини текширганида унга бир қатор топшириқлар берилганини, жумладан «онани ўлдириш» ҳақидаги топшириқни кўриб қолади. У февраль ойида 13 ёшли ўғли ўз қўлини тиғ билан кесганини ҳам пайқаган эди. Унинг айтишича, уйига тез-тез нотаниш одам томонидан қўнғироқ қилина бошлаган.

Агентликнинг маълум қилишича, ушбу аёл McDonald's ресторанлари тармоғи ходими бўлиб, Большая Ордынка кўчасида яшайди.

Ҳозирда бу ҳолат бўйича текширув олиб борилмоқда, полиция квартирани кўздан кечирган ва боланинг телефони ҳамда ноутбукини олиб қўйган.

«Кўк кит» ўйини реал ҳаётда олиб бориладиган ўйин бўлиб, унинг якунида ўйновчига ўз жонига қасд қилиш топшириғи берилади. Ўйин иштирокчиси топшириқни ижтимоий тармоқдаги «Ўлим гуруҳи»даги номаълум «куратор»дан олиб туради.

Огоҳ бўлинг: МДҲ мамлакатларида «кўк кит» ўйини

«Даракчи» газетасида журналист Барно Мадалиеванинг ушбу «ўйинлар» ҳақидаги «Ўлим гуруҳлари»: қачон бошланган, нега айнан кўк кит, буйруқларни бажармаса нима бўлади?» номли мақоласи эълон қилинган.

Қармоғи қаерда?

Сизу бизни ташвишга солаётган бу «ўлим гуруҳлари» асосан ижтимоий тармоқларнинг турли сегментларида ўз гуруҳларини турли номлар ва «ҳештег»лар остида ташкил этган ҳолда ўсмир ёшларни банди қилади. Бу каби гуруҳларнинг номлари асосан ўсмирларни тушкунликдан халос этиш, уларга кўмак бериш, муаммоларига ечим топа олиш имкониятларига қаратилган бўлиб, шу жиҳат билан жалб этади. Ўсмир ёшдаги болаларда эса бундай ҳолатлар тез-тез кузатилиши сир эмас. Шу боис ўсмирлар «ўлим гу­руҳ­лари»нинг номига қизиқиб, ўйин ҳаволасига киради ва унга аъзо бўлиб қолади.

Гуруҳлар қандай номланади?

«Ўлим гуруҳлари»нинг номини санаб адоғига етиб бўлмайди, аммо фожиага чорловчи оригинал гуруҳ аллақачон ёпилган. Гуруҳ яратувчиси эса яқинда ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар ҳам бор. Унинг исми Филипп Лис. Энг ачинарлиси, унинг «ихтироси» жуда кўп издошларни пайдо қилди ва бугунги кунда улар турли номлар билан «ўлим гуруҳлари» сифатида ижтимоий тармоқларда фаолиятини давом эттиряпти. «Ўлим гуруҳлари»да хавфли ўйинлар «Мени тонгги 4:20 да уйғот» буйруғи билан бошланади. Аксарият ўсмирлар айнан ана шу буйруқ асосида хавфли гуруҳнинг қармоғига илинади.

Қачон бошланган, нега айнан кўк кит?

«Ўлим гуруҳлари»нинг хавфли ўйинига 2015 йилда ўзини поезд тагига ташлаган, ўша пайтда 16 ёшда бўлган Рина Поленкованинг ҳаракатлари туртки бўлган. Жонига қасд қилишига сабаб эса йигитининг ташлаб кетгани бўлган. Бу бахтсиз ҳодисага ТВ ва таниқли блогерлар эътибор қаратади. Бу эса ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш оммалашишига сабаб бўлади. Биринчи «Кўк кит» гуруҳи ташкил этилиши ҳам айнан ана шу жараёнларга тўғри келади. Нега бу «ўлим гуруҳлари» айнан кўк китни рамз сифатида танлаган? Чунки кўк китлар тез-тез тушкунлик сабаб ўзини қирғоққа, қуруқликка ташлаб, жонига қасд қилади.

Ўсмирлар нега ўйнайди?

Бу жуда оддий: ўсмирлар атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлади ва ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади. Ижтимоий тармоқлардаги «ўлим гуруҳлари» ўсмирларнинг ана шу нозик жиҳатларига эътибор қаратган ҳолда улардан фойдаланади ва хавфли ўйин якунидаги «ғолиблик»ка етаклайди.

Ўйин қоидаси нималардан иборат?

Ўйин шартлари эса 50 қисмдан иборат ва 50 кун давом этиб, охири ўйинчининг ўз жонига қасд қилиши билан якунланади. Ўйин қоидасига кўра, иштирокчи хавфли ўйин шартларини «ўлим гуруҳлари»нинг «Мени тонгги 4:20 да уйғот» буйруғи асосида эрталаб 4:20 да тармоққа кириб қабул қилиб олади. Гуруҳ етакчиси, уларнинг тили билан айтганда «куратор» эса тузоққа илинган ўсмирга самимий муносабатда бўлиб, унинг қизиқишлари, кайфия­ти ва ўзи ҳақида кўпроқ билишга интилади. Кейин ўсмирни текшириб кўриш учун ҳавола юборади ва жасурлигини синовдан ўтказади.

Аввалига топшириқлар оддийгина бўлади, масалан, гуруҳнинг рамзини чизиш каби. Аммо кейинчалик бу шартлар мураккаблашиб, ҳатто тиғ билан қўлни тирнаб ёзишга ҳам мажбур қилади. Иштирокчи вазифаларни бажарганининг исботи сифатида берилган топшириқнинг бажарилганини суратга тушириб, гуруҳ «куратори»га кўрсатиши керак.

«Ўлим гуруҳлари» қўяётган ўйин шартларининг энг сўнгги босқичида юқори қаватдан ўзини ташлаш, тез келаётган автомобилнинг олдини кесиб ўтиш каби топшириқларни бажариш асносида худкушликни амалга оширишга ундайди.

Бажармаса нима бўлади?

«Ўлим гуруҳлари» етакчилари берилган топшириқларни ўйинга аъзо бўлган ўсмирнинг сўнгги босқичда, яъни хавф­ли кульминацион нуқтада бажаришдан бош тортишига йўл қўймайди, бўйин товлаганларга таҳдид билан тазйиқ ўтказади. Қандай қилиб дейсизми? Улар ўсмирга ҳавола юборади­ ва уни очишни таклиф этади. Бу «ўлим гуруҳлари»нинг яна бир тузоғи эканлигини қизиқиши устун келиб ҳаволага кирган ўсмир билмайди. Ҳаволага киргани заҳоти «кураторлар» махсус дастур орқали ўсмирнинг IP ман­зилини аниқлаб, унинг уй манзилини билиб олади ва шу орқали сўнгги хавфли шарт, яъни худкушликни бажаришга мажбурлайди, акс ҳолда яқинларини йўқ қилиш билан таҳдид қилади. Ҳали ҳеч қандай қарорни мустақил қабул қилиш салоҳиятига эга бўлмаган ўсмир эса бу таҳдидлардан ваҳимага тушади ва шартни бажаришга кўнади…

Мавзуга оид