Жамият | 19:00 / 21.03.2017
33171
3 дақиқада ўқилади

Янги лойиҳа: Айланма ҳаракатли аэропорт

Айланма ҳаракатли аэропортлар анча кўп фойдали жиҳатларга эга ҳамда авиация келажаги саналади. Бу ҳақда голландиялик олим Хенк Хесселинк Нидерландия телерадиоузатиш корпорациясига берган интервьюсида айтиб ўтди. У бир неча йилдан бери ушбу лойиҳани ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

"Бундай аэропортнинг бош ғояси самолётлар доира шаклидаги учиш-қўниш йўлагининг исталган нуқтасида қўниши мумкин эканида, - дея таъкидлаб ўтди у. – Бу эса ноқулай об-ҳаво шароитларида мураккаб ҳаракатларни амалга оширишнинг олдини олади. Сабаби учувчилар самолётни ўзлари истаган томондан қўндиришлари мумкин бўлади".

Олимлар ҳисоб-китобига кўра, бу ҳолатда йўлак радиуси камида 3,5 км бўлиши керак. "Аэропортнинг ўзи эса ўртада жойлашиши мантиқан тўғри", - деди у.

Хесселинкнинг сўзларига кўра, бундай аэропортнинг бошқа фойдали жиҳатлари ҳам бор. Масалан, улар ёқилғини тежаш имконини беради, сабаби самолётлар қўниш чоғида мураккаб ҳаракатларни амалга ошириши керак бўлмайди. 

Бундан ташқари, ҳаддан ташқари шовқин таъсири ҳам чекланади. "Яхши об-ҳаво шароитида учиш ва қўнишлар аҳолидан анча узоқда жойлашган йўлак қисмларида амалга ошиши мумкин, - деб ҳисоблайди олим. – Энг яқин қисмлар эса фақатгина экстремал об-ҳавода қўлланилиши мумкин".

АҚШда 1960-йилларда бир неча бора шундай тажрибалар ўтказилган, бироқ якунда у ташлаб қўйилди. "Мен бунга нима сабаб бўлганини яхши тушунаман, - дея таъкидлаб ўтди Хесселинк. – Ўшанда технологиялар у қадар ривожланмаган эди. Учувчилар фақат кўз олдидаги нарсалардан вазиятни баҳолаши мумкин эди. Бироқ ҳозирда лайнерлар ва аэропортлар энг замонавий қурилмалар билан жиҳозланган. Шунинг учун бу лойиҳа муваффақиятли бўлиб чиқиши мумкин".

Шу билан бирга, у бу ғоя амалга оширилиши учун яна бир неча йил керак бўлишини яхши тушуниб турибди. "Албатта, ҳозирги аэропортлар юқори сарф-харажатлар туфайли ўзгариши даргумон, - дея қўшимча қилиб ўтди мутахассис. – Бироқ янги аэропортлар бу ғоядан фойдаланиши мумкин".

Мавзуга оид