Жамият | 19:56 / 23.03.2017
55744
3 дақиқада ўқилади

Эчки сути ҳақида фойдали маълумотлар

Эчки сути томоқдаги, қовуқдаги яраларни даволайди, йўтал, қон туфлаш, бош оғриғи, меъда хасталикларида фойда қилади. У қуруқ мизождан бўладиган хафақон, васваса ҳамда эсда сақлай олмаслик касалига ҳам яхши даводир. У билан оғизни чай-қаш ва ғарғара қилишнинг томоқ оғриққа, тилча, бодомсимон безлар шишларига, силга ва ниҳоят даражада озиб кетишга фойдаси катта.

 Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи Равшанбек Шераев ана шундай касалликларни бартараф этиш мақсадида эчки ва эчки зотларини кўпайтирмоқда. 2013-йилда Франциядан 30 бош зотдор эчкиларни олиб келган фермернинг эчкилари сони бугун 150 тага етди.     

Ҳозирги пайтда эчки сутидан қатиқ ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаб, вилоятимиз аҳолисига етказиб бераётган фермер келгусида чет элдан зарур технологияларни сотиб олиб, маҳсулот турини кўпайтириш ниятида. 
             
Бу жониворнинг асосий биологик хусусиятларидан бири шуки, у ҳар қандай иқлимга тез мослашади. Озуқа танламайди. Қисқа муддатда семиради. Болалари бошқа ҳайвонларникига қараганда ўзини анча эрта ўнглаб олади. Иқлимнинг ўзгаришига, дейлик куннинг жуда исиб кетиши ёки эрта совуқ тушишига мослашувчангилиги ҳам яхши. Парвариши камхарж бўлиб, алоҳида емиш ёки парвариш талаб қилмайди.

Зотдор эчкиларнинг етук ёшдаги такалари 60-70 кг, айримлари 90 кг, она эчкилари 35-40 кг, айримлари 60 кг.га етади. Улоқларининг сут эмадиган пайтидаги тирик вазни 20-25 кг тош босади. Жайдари зотли урғочи эчкилар пуштдор бўлиб, ҳар йили биттадан, айримлари иккитадан болалайди. Ўрта ҳисобда 100 бош урғочи эчкидан 90-105 бошгача улоқ олинади. 

Фермер Равшан Шераев айни кунларда 100 дан зиёд эчкидан 50 литрдан кўпроқ сут олади. Баҳор мавсумида эса эчкилар 100-150 литр сут бериши мумкин. Шу кунларда мазкур фермер хўжалигидан сут ва сут махсулотлари ишлаб-чиқарилмоқда. Эндиликда эчки сутидан пишлоқ маҳсулотлари мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудларига тарқатилади. 

Аҳрор Зиё, Фарғона

Мавзуга оид