87 ёшли Муҳаммадали Аҳмаджонов 45 йил ўқитувчилик қилди. 1961-65 йилларда Фарғона давлат университетининг химия-биология факултетини тамомлаган фидойи ўқитувчи кўплаб шогирдлар чиқарган. “Ёшим бир жойга бориб қолди. Тенгқур ҳамкасбларим деярли қолмаган. Соғлом юрай деб томорқада экин-тикин қилиб тураман. Мактабда дарс берган дамларни ҳануз қўмсайман. Ўқувчиларимни соғинаман, уларни кўргим келади”, дейди устоз.

Тошлоқ тумани Қўрғонча маҳалласида яшовчи фахрий ўқитувчи ўтмиш хотиралари билан ўртоқлашди.

Муҳаммадали Аҳмаджонов

“Ўқишни тамомлагач велосипед сотиб олдим ва ҳар куни 30 км йўл босиб мактабга қатнаб дарс бериб келардим”, — дейди Муҳаммадали Аҳмаджонов. Қаҳрамонимиз ўз даврининг жонкуяр устозларидан бири бўлган.

Ўқитувчилик фаолиятининг дастлабки йилларида Муҳаммадали ота ишни етакчиликдан бошлайди. Кейинчалик биология фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритади. “Ҳозирда катта лавозимларда ишлайдиган ўқувчиларим кўчада кўриб қолишса ёнимга келиб салом-алик қилишади, ҳол-аҳвол сўрашади. Бундан жуда хурсанд бўламан. Касбимдан фахрланиб кетаман”, — дейди у.

Муҳаммадали ота кейинчалик бошланғич синф ўқувчиларига билим бериш учун шу йўналишда ҳам ўзини синаб кўрган устозлардан ҳисобланади. Ва эски давр таълим тизимини эслар экан дарс ўтиш учун етарли шароит бўлмаса ҳам ўқувчилар билимга чанқоқлигини ва қийин математик мисолларга тезда жавоб топиб қўядиган ўқувчилари кўп эканлигини таъкидлайди. Ҳозирги ота-оналар фарзандининг билим олишига кўпроқ эътибор бериши кераклигини ҳам айтиб ўтади.

Шунингдек, қаҳрамонимиз 87 ёшга кирган бўлса ҳам анча тетик ва бардам. Биология фанига қизиқиш орқали мактабда ва ўз томорқаларида турли ўсимликлар, фойдали зираворлар, қалампирмунчоқларни ўстиришга қизиқиши борлиги маълум бўлди. Бобо ҳар куни эрталаб ўз гулзорларида меҳнат қилиб завқланишини ҳам айтиб ўтди.