Совуқ кунлар билан қишлоқ аҳолисининг ташвишли кунлари ҳам бошланади. Фарғона вилояти Тошлоқ туманининг Истиқлол қишлоғида ҳам уйларга аллақачон печкалар қурилган. Мўрилардан таппи, ўтин, кўмир тутуни бурқсийди. Далаларда ҳам иш қизғин, фермер хўжалигига ғўзапоя олиш учун ишга кирган аёлларнинг айниқса қўли-қўлига тегмайди.

Лой кўчаларда мактабга кетаётган ўқувчилар, сув ташиётган болалар, сигир соғаётган аёл, ғўзапоя ўрилаётган дала, нон ёпаётган уй бекаси – буларнинг барчасини қишлоққа келсангиз кўрасиз.

Қишлоқда муаммо кўп бўлса ҳам бахтлиман...

Наргиза Маҳмудованинг икки қизи бор. Турмуш ўртоғи енгилсаноат корхонасида ишлайди. Қишлоқ аёли кунлик ишга чиқар экан.

Наргиза Маҳмудова

“Икки болам бор. Фермердан гектар ер олиб, пахта териб, ғўзапояси учун ишлаймиз. Ғўзапоя ёқиб тандирга нон ёпамиз, уй иситиш учун печкага ташлаймиз, рўзғор учун ишлатамиз-да.

Эрта баҳор фермер ерига экин экилгандан кейин ягана, чопиқ қиламиз. Бир гектар ер олсак, тўлиқ ғўзапоясини оламиз. Кейин буғдой, сомон беради, ер беради экиб олиш учун. Мол, қўйларга экин экиб оламиз.

Ғўзапояни иложи борича тежаб ёқишга ҳаракат қиламиз. Тежамасак баҳоргача етмай қолади. Табиий газ йўқ: ўтин, кўмир сотиб оламиз. Молларимиз гўнгидан ёзда таппи тайёрлаб, қишга асраб қўямиз. Бир қишда икки тонна кўмир ёқамиз. Ўтин ҳам сотиб олинади, албатта.

Қишлоқда муаммо кўп-ку, барибир бахтлиман. Болаларим бор, хўжайиним ишлайди. Рўзғоримиз, кунимиз ўтиб турибди-ю, шунисигаям шукр. Бахтли оиламиз, иложи борича яхши яшашга ҳаракат қиламиз. Энди яхши, барибир, шароитимиз бурунгига қараганда. Қишлоқ шароитига кўникиб бўлганмиз-да, ҳозирги шу шароитга.