Жамият | 20:05 / 23.03.2017
18696
2 дақиқада ўқилади

Қорақамиш 2/4 мавзесидаги Банк коллежининг икки талабаси бир-бирини пичоқлаган

Тошкент шаҳрида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида профилактик чоралар кўрилмоқда. Олмазор туманидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги академик лицейда ўтказилган шундай тадбирда Кун.uz сайти мухбири ҳам бевосита иштирок этди. 

Туман прокуратураси ва ИИБ вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда ўқувчилар билан ошкора руҳда суҳбат ташкил этилди. Уларга вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг моҳияти, ёшлик шижоатидан нотўғри йўлда фойдаланиб, қизиққонлик билан ўйланмай қилинган ишларнинг оқибати хусусида тушунтиришлар берилди. Талабаларнинг ёнида пичоққа ўхшаш ўткир тиғли жиҳозлар олиб юриши тақиқлангани маълум қилинди, 

Хусусан, Олмазор тумани Қорақамиш 2/4 мавзесида жойлашган Банк коллежининг икки талабаси ўзаро келишмай қолгани пичоқлашишга олиб келгани ҳақида хабар қилинган. Эндиликда, улар ўзларига етказилган тан жароҳатларидан ташқари, уларни вояга етмаганлар колониясига юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилаётгани айтилди. Туман ИИБ вакилининг сўзларига кўра, бу каби ишлар инсоннинг келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунга кўра, бундай жиноятлардан йироқ бўлиш мақсадга мувофиқдир. 

Йиғилишда иштирок этган туман прокуратураси вакили ўқувчи қизлар ахлоқига алоҳида тўхталиб, уларни шарм-ҳаёли бўлишга чақирди. Таълим муассасаларида белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя этиш, либослар борасида белгиланган тартибга қатъий равишда бўйсуниш, хусусан, ўта калта кийимлар киймаслик, смартфонларида турли хил бемаза, беҳаё мазмундаги фильмлар, суратларни олиб юришга чек қўйишларини тавсия қилди. Улар яқин орада она бўлишлари, шунга кўра, ўзларини тарбиялаб боришлари лозимлигини эслатди.

 

Мавзуга оид