Иқтисодиёт | 20:06 / 24.03.2017
8127
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэнерго» АЖ ҳисоботи: маҳсулот ишлаб чиқариш топшириқлари 107,3 фоизга бажарилди

Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий устуворлигини амалга оширишда келиб чиққан муҳим вазифаларни таъминлаш мақсадида «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан энергетика корхоналарининг барқарор ишлашини, ишлаб чиқариш фаолияти прогноз кўрсаткичларига эришишни таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Бу ҳақда жамият Ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Ўзбекэнерго» АЖ электр станциялари томонидан тезкор маълумотларга кўра, истеъмолчиларга 59 млрд. кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, ўсиш суръати кўрсаткичлари 104 фоизни ташкил этди, шунингдек, истеъмолчиларга 7,5 млн. Гкал ҳажмда иссиқлик энергияси узатилди. Маҳсулотни экспорт қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши 100 фоизни ташкил этди.

«Ўзбекэнерго» АЖ корхоналари томонидан маҳаллий хомашё асосида маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш топшириқлари 107,3 фоизга бажарилди.

Ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш бўйича кўрилган чоралар натижасида маҳсулот таннархи 11,3 фоизга пасайди.

Тармоқларга хизмат кўрсатиш, қурилиш-монтаж ва лойиҳа-қидирув ишлари амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилга мўлжалланган Инвестиция Дастури тўғрисида»ги ПҚ-2458 сонли қарорига мувофиқ янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва амалдагиларини модернизациялаш ва қайта қуриш бўйича «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан 23 та йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди.

2016 йилга мўлжалланган 5 та инвестицион объектлар бўйича ишлар якунланди ва ишчи комиссиялар далолатномалари расмийлаштирилди.

Хусусан, инвестицион лойиҳалар доирасида Талимаржон ИЭСда умумий қуввати 900 МВт га эга бўлган иккита буғ-газ қурилмаси ва Ангрен ИЭСда қуввати 150 МВтга эга бўлган энергоблок ишга туширилди. Ҳозирги кунда ушбу станциялар томонидан электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

«Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўл линиясининг таъминловчи нимстанцияларига ташқаридан электр қуввати етказиб берувчи объектларни қуриш лойиҳаси бўйича умумий узунлиги 23,77 км бўлган 110 - 220 кВ ҳаво линияси (ҲЛ) ва 200 МВА трансформатори шунингдек, «Самарқанд-Бухоро» йўналиши бўйича умумий узунлиги 20,2 кмга тенг 110 кВ ҲЛ ишга туширилди.

«Ангрен» МИҲ да «Изолятор ва линияларни бир-бирига боғловчи арматуралар ишлаб чиқаришни ташкил этиш» («Арматура-изолятор заводи» МЧЖ ҚК) лойиҳаси доирасида биринчи босқич бўйича ишлар якунланди, ҳозирги вақтда линияларни бир-бирига боғловчи арматура ишлаб чиқарилмоқда.

«Навоий ИЭСнинг қуввати 450 МВт га тенг иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш билан кенгайтириш» ва «Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида умумий қуввати 900 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциясини қуриш» лойиҳалари бўйича «тайёр ҳолда топшириш» шарти билан бош пудратчини танлаш тендерлари ўтказилиб, ғолиб бўлган Япониянинг етакчи компаниялари билан шартномалар имзоланди.

«Тахиатош ИEС да қуввати 230-280 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш» лойиҳаси бўйича бош пудратчини танлаш тендер савдолари «Hyundai Engineering & Construction Company Ltd» (Корея) ҚК компаниясининг ғолиблиги билан якунланди.

«Паст кучланишли электр тармоқларини ва 0,4 6-10 кВ электр таъминоти объектларини ривожлантириш ва модернизациялаш» лойиҳаси доирасида умумий узунлиги 607,3 км га тенг электр узатиш линиялари қурилди ва реконструкция қилинди, 460 та комплект трансформатор подстанциялари ўрнатилди.

Электр энергиясини ҳисоблаш тизимини модернизациялаш лойиҳаси бўйича «Ўзбекэнерго» АЖ корхоналари томонидан электр энергиясини ҳисобга олувчи замонавий электрон ҳисоблагич асбобларини жорий этиш юзасидан иш олиб борилмоқда. Жорий этиш бошлангандан буён ўтган давр мобайнида эса юридик истеъмолчиларга 243,1 минг донадан ортиқ уч фазали ва 176,1 минг дона бир фазали электрон ҳисоб асбоблари; маиший истеъмолчиларга 33,1 минг донадан ортиқ уч фазали ва 4292,0 минг дона бир фазали электрон ҳисоблагич ўрнатилди.

«Ўзбекэнерго» АЖ томонидан муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш тадбирлар комплексига мувофиқ қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид