Жаҳон | 12:54 / 25.03.2017
5416
2 дақиқада ўқилади

Украина собиқ молия вазири Пуэрто-Рико иқтисодиёти билан шуғулланишга қарор қилди

Украина собиқ молия вазири Наталья Яресько Пуэрто-Рикога жўнаб кетди. У бу давлат иқтисодиётини йилига 625 минг доллар эвазига тиклашга ҳаракат қилади. Бу ҳақда Associated Press мамлакатдаги молиявий вазият устидан назорат қилиш бўйича Кенгаш раҳбари Хосе Каррионга асосан хабар берди.

Украина молия вазири лавозимида 2014-2016 йиллар давомида ишлаган Яресько ўтган йили АҚШ конгресси томонидан ташкил этилган Кенгашнинг ижрочи директор лавозимини эгаллайди.

Каррионнинг сўзларига кўра, Украинада уч йил аввал вазият фалокатли эди, бироқ Яресько мамлакатда ислоҳотлар ўтказди ҳамда улар “иқтисодиётни тиклашга хизмат қилди” ва унга сармоядорларни қайтарди. “Бу бугун Пуэрто-Рикога керак бўлган нарсанинг айнан ўзи”, - дея маълум қилди у.

Каррионнинг таъкидлашича, Яреськонинг иш ҳақи иқтисодий инқироз ботқоғига ботиб қолган мамлакатда норозилик келтириб чиқариши мумкин. Баъзилар Кенгаш қарорини танқид қилиб чиқишга ҳам улгуришди.

Хусусан, Пуэрто-Рико Халқ-демократик партияси етакчиси Хектор Феррер бу қарорни қоралаб чиққан. “Инсон бир неча йил ичида оддий пуэрто-риколиклар ҳисобидан миллионерга айланиши жуда ачинарли”, - дея унинг сўзларини келтирган маҳаллий El Nuevo Dia газетаси.

Яреськонинг ўзи эса Facebook’да Пуэрто-Рикога молиявий барқарорликни қайтириши ҳақида бонг урган.

Мавзуга оид