Ўзбекистон | 19:43 / 27.03.2017
13275
2 дақиқада ўқилади

Польша президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб ёзди

Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Польша Президенти Анжей Дуда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаган. Табрик матни ЎзА томонидан келтирилган.

Польша Президенти қутловида бундай дейилади: "Мамлакатларимиз ўртасида самарали муносабатлар йўлга қўйилганини мамнуният билан таъкидламоқчиман. Польша Ўзбекистонни Евроосиё минтақасидаги муҳим шерик, деб билади ва мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган улкан ютуқларни ҳурмат қилади. Сизнинг раҳнамолигингизда Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари билан алоқалар бўйича амалга оширилаётган янгича сиёсатни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Бундай яқин қўшничилик сиёсати Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга".

Президент Анжей Дуда Польшада икки томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини ва бу борада улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қутловида "Ўтган даврда икки давлат ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарига асосланган амалий муносабатлар ўрнатилган"и алоҳида таъкидланган.

Давлатимиз раҳбари "Ўзбекистон Польша билан сиёсий-дипломатик, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш,  савдо, қишлоқ хўжалиги, инвестиция ва инновациялар, туризм ҳамда бошқа кўплаб йўналишлар бўйича аниқ дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори" эканини қайд этган.

Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз бундан буён ҳам "Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ишонч принциплари асосида янада мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни давом эттириши"га ишонч билдирган.

Мавзуга оид