Иқтисодиёт | 19:23 / 30.03.2017
7241
3 дақиқада ўқилади

2016 йил якунларига кўра Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси 4 миллиард доллардан ошган

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон билан Россия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда Ўзбекистон ҳамда Россия Федерацияси Москва вилоятининг фармацевтика, озиқ-овқат ва агросаноат соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорлари иштирок этди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Назира Дадахонова, Москва вилояти ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш фонди директорининг ўринбосари Олег Кондрашин ва бошқалар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари хусусида сўз юритди.

Форумда Ўзбекистоннинг транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, савдо-саноат, энергетика соҳаларида қўлга киритаётган ютуқлари, Россиянинг ахборот технологиялари, фармацевтика, озиқ-овқат каби тармоқлардаги компаниялари фаолияти ҳақида маълумот берилди.

2016 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 4 миллиард АҚШ долларидан ошган. Ўзбекистондан Россияга табиий газ, автомобиллар, кимёвий ва тўқимачилик маҳсулотлари, мева-сабзавотлар ва бошқа товарлар етказиб берилмоқда. Россиядан қора ва рангли металлар, ёғоч, нефть ва нефть маҳсулотлари, электр техникалар, қоғоз буюмлари ва фармацевтика воситалари харид қилинмоқда.

– Мазкур учрашув ўзаро талаб ва таклифларни ўрганиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш имконини берди, – деди О.Кондрашин. – Ўзбекистоннинг автомобилсозлик, кимё, қишлоқ хўжалиги, сут, гўшт ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳалардаги корхона ва компаниялари фаолияти билан яқиндан танишиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

– Компаниямиз 180 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаради ва МДҲ давлатларига етказиб беради, – деди “Канонфарма продакшн” компаниясининг экспорт бўйича менежери Н.Крючкова. – Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

Анжуманда Ўзбекистон билан Россия ишбилармонлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, савдоларни онлайн режимида амалга оширишни йўлга қўйиш, ишбилармон доираларнинг икки мамлакат кўргазма ва ярмаркаларидаги иштирокини таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда талабгор бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу куни Савдо-саноат палатасида Россиянинг Липецк вилояти ишбилармонлари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлари ўртасида кооперация биржаси ташкил этилди.

Мавзуга оид