Ўзбекистон | 07:43 / 30.03.2017
12533
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Ўзбекистон ўртасида мудофаа соҳасидаги келишув Путинга ратификация учун тақдим қилинди

Россия ҳукумати Владимир Путинга Давлат думасига ратификацияга киритиш учун Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишувни тақдим қилди. Россия ҳукуматининг тегишли қарори 28 март куни имзоланган ва ҳуқуқий ахборот расмий порталида чоп этилган.

Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари – генерал-полковник Қобул Бердиев ва армия генерали Сергей Шойгу 2016 йил 29 ноябрда Москвада ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишувни ва 2017 йил учун икки вазирлик ўртасида икки томонлама ҳамкорлик режасини имзолашганди. 

Келишувга кўра, томонлар Ўзбекистон ва Россиянинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, икки давлат қуролли кучлари ҳарбий салоҳиятларини мустаҳкамлаш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича биргаликдаги тадбирларни ўтказадилар. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон Сенати 28 март куни "Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишувни ратификация қилиш тўғрисида"ги қонунни кўриб чиқди ва маъқуллади.

Мавзуга оид