Спорт | 23:28 / 01.04.2017
37942
3 дақиқада ўқилади

Uzbek Tigers Astana Arlans жамоасидан қасос олди (Видео)

1 апрель куни Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг VII мавсум «C» гуруҳи 5-туридан ўрин олган баҳслар бўлиб ўтди. Uzbek Tigers жамоаси Тошкентда Қозоғистоннинг Astana Arlans жамоаси боксчиларини қабул қилди. «Ўзбекистон» спорт мажмуасида гуруҳнинг икки етакчи жамоаси ўртасидаги жанг жуда қизғин кечди. Бокс кечасини Жанубий Корея, Россия, Англия ва Эрон давлатларидан ташриф буюрган ҳакамлар навбати билан бошқариб боришди. 

Ўзбекистонликлар ушбу беллашувда умумжамоа ҳисобида 4-1 ҳисобида рақибларини мағлуб этиб, Қозоғистондаги мағлубият аламини олишнинг уддасидан чиқишди. 

Мусобақа регламентига мувофиқ, боксчилар ҳар бири 3 дақиқадан 5 раунд кураш олиб боришди. 

Дастлаб рингга 64 кг вазн тоифасидаги боксчилар жуфтлиги Элнур Абдураимов ва Дилмурод Мижитов кўтарилди. Унда Uzbek Tigers жамоаси вакилининг қўли баланд келди. 56 кг вазнда рингга чиққан Абдулҳай Шораҳматов ҳам рақиби Илёс Сулейменовга имконият қолдирмади. 75 кг вазн тоифасида акробат боксчимиз Исроил Мадримов Сапарбай Айдаровга қарши жанг олиб бориб, умумий ҳисобни 3-0га етказди ва жамоанинг узил-кесил ғалабасини таъминлади.

Uzbek Tigers жамоасининг ягона мағлубияти +91 кг вазнда рингга кўтарилган Зуҳриддин Маҳкамов ҳисобига ёзилди. У мазкур вазн тоифасида қозоғистонлик Антон Пинчукка имкониятни бой бериб қўйди. Жамоавий баҳслар охирида 49 кгли боксчилаар кураш олиб борди. Рио-2016 ғолиби Ҳасанбой Дўстматов Темиртас Жусуповни синовдан ўтказди. Ҳакамларнинг якдил қарори билан Ҳасанбой Дўстматов рақибидан устун келди.

Айтиш жоизки, Uzbek Tigers WSB доирасида бу вақтгача 4 марта жанг ўтказиб, унинг иккитасида мағлуб бўлган ва иккитасида мутлақ ғалаба қозонган ҳамда 6 очко билан гуруҳда қозоғистонликлардан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб туришган эди. Эндиликда, ўзбекистонликлар ҳисобида 9 очко бўлиб, иккинчи ўрнини сақлаб қолди. 

1 апрель куни, шунингдек, Россиянинг Patriot Boxing Team жамоаси ўз майдонида Хитойнинг China Dragons жамоасини қабул қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Шундай қилиб, гуруҳдаги ўринлар қуйидагича тус олди: 

Ушбу гуруҳда Қозоғистон жамоаси гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилиб улгурган. Ўзбекистон ва Россия жамоалари эса, кейинги турда иккинчи ўрин учун курашни давом эттиришади. Хитой жамоаси гуруҳ аутсайдери ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, The World Series Boxing – Бутунжаҳон Бокс Сериясининг VII фасл 5-турида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилган боксчилар BUKA Boxing Sportswear томонидан тақдим этилган кийимда рингга кўтарилишди.

Мавзуга оид