Спорт | 10:55 / 28.02.2019
7221
2 дақиқада ўқилади

AIBA Бутунжаҳон бокс сериясининг Ўзбекистон босқичини ташкил этиши мумкин

27 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида AIBA вакили Карим Бузиди билан учрашув бўлиб ўтди. Қўмита бош котиби Жасур Матчанов ва бошқа мутасаддилар иштирокида ўтган учрашувда Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг тўққизинчи мавсумидаги тизим ва унинг ташкилий масалалари юзасидан фикр алмашилди, деб хабар берди МОҚ матбуот хизмати.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

AIBAдан ташриф буюрган масъулнинг маълум қилишича, WSBнинг ушбу мавсуми 8та вазн тоифасида ташкил этилади. Ҳар бир вазнда икки нафар боксчи Олимпия ўйинлари лицензиясига эга бўлади.

Учрашувда WSBнинг Ўзбекистон босқичини ташкил этиш масаласи кўтарилган.

«Карим Бузиди Ўзбекистон ҳақиқий бокс мамлакати эканлигини айтиб, бу мамлакатимизда WSBнинг Ўзбекистон босқичини ташкил этиш имкониятини яратиб бериши ҳақида гапирди. Айни пайтда бундай мусобақа Куба ва Венесуэлада ташкил қилинади. Томонлар учрашув чоғида ушбу мусобақанинг Ўзбекистон босқичини ҳам ташкил этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар», – дейилади хабарда.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Маълумот учун, 2016 йилдан буён WSB`да Ўзбекистондан «Uzbek Tigers» жамоаси қатнашиб келмоқда. Жамоа илк мавсумида ярим финалга қадар етиб бориб, кейинги йили чорак финалда тўхтаган бўлса, 2018 йилда чорак финал баҳслари бекор қилингани боис иштирокини гуруҳ босқичида якунлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов «Uzbek Tigers»нинг Бутунжаҳон бокс сериясида ғолиб чиқишига ишонч билдирганди.

Мавзуга оид