Давр янгиланмоқда. Қарашлар ҳам, кузатиб, “ҳазм қилиб”, адоғига етиб бўлмаётган воқеликларнинг ўзи-ю, уларга бўлган муносабатлар ҳам, боринг, ана, талқинлар ҳам ўзгача: янги ва янги, хилма-хил, “аввалгиларга ўхшамас”... Бу ўзгаришлар аро гангиб қолиш ҳам ҳеч гапмас. Ҳаммамиз инсонмиз - нимадир кўнгилга ёқади, яна недир ботмаслиги мумкин. Бунинг учун ҳеч ким айбланмаса керак. Шундай бир андиша билан, бугунги жамиятда кечаётган воқеалар, тўғрироғи, уларнинг талқини ҳамда бу талқинларнинг матбуотда ёритилишига доир айрим шахсий кузатувларни баён қилишга жазм қилдим.

Тан олайлик – ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишлар шитоб билан бормоқда. Иқтисодий соҳани оласизми, ташқи сиёсатни ва ёхуд таълим-у маданият тармоқлариними – барчасидаги жадал бир силкинишлар энг бефарқ одамнинг ҳам - камида ҳайратига сабаб бўлмоқда... Эзгу умидларингни яқин келажак билан боғлашга асос бергулик ўзгаришлар кечмоқда.

Сарлавҳага чиқарилган даъвога муаллифнинг ўзи амал қилмади, деган айбловдан қочиб, ўзгаришлар маҳсули сифатида - фақатгина бир мисолни келтириб ўтмоқчиман. Халқнинг дардига қулоқ тутила бошланди. Муаммолар имкон даражасида, вазиятдан келиб чиқиб, ҳал қилинмоқда. Бу - катта гап. Чунки хоҳ у битта шахс доирасида бўлсин, хоҳ жамият миқёсида бўлсин – эртанги кунга бўлган ишончдан маҳрум бўлиш – энг ёмон фожиа.

Айни мулоҳазаларимиз бугунги жараёнларни қандай ёритаётганимиз ҳақида экан, чалғимасдан гапнинг пўсткалласини айтиш керак: ўз давлатидаги у ёки бу вазирнинг қилаётган иши тугул, афти-ангорини ҳам кўрмай, танимай, бутун бир авлод ўтиб кетади-ёв, деб турган жойимизда - ҳартугул, бугун ҳукумат аъзолари, вазирларимиз матбуот орқали баёнот бера бошлашди, воқеалар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашмоқда. Бу албатта яхши мужда - очиқ жамиятнинг белгиларидан бири.

Энди масаланинг иккинчи томонига ўтсак. Буям бўлса – воқеани талқин ва таҳлил қилаётганда, ўрни бўлса-бўлмаса, унинг ташаббускори бўлмиш одамга, очиқроғи – давлат раҳбарига очиқдан-очиқ урғу беравериш тўғримикан, деган мулоҳазадир. Яъни “муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббусларига кўра”, “у киши таъкидлаганларидек”, “ҳурматли раҳбаримиз кўрсатмалари бўйича” қабилидаги - бир қарашда ўринли, аммо дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрилса, замирида кимгадир ёқиш, хушомад элементлари бўлган жумлаларни керагидан ортиқ қўллай бошламадикми? Ахир улуғ шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидек,

“Бисёр бўлса агар, бол ҳам беқадр,

Такрор айтилганда, рангсиздир калом” эмасми?..

Тўғри, телевидение экранларида ҳам, босма матбуотда ҳам, айниқса, интернет нашрларида кузатилаётган - муаммоларни ошкор ёритиш, ўзига хосликка интилиш, тезкорлик каби асл матбуотга дахлдор ўзгаришлар бисёр. Лекин ўзгинамизга хос бўлган, гўё салгина безак бериб, “кириш сўзи” қилиб гапирмасак, “сигиримиз ҳаром қотадиган”дек туюлган одатдан воз кечишимиз қийин кечмоқда. Ва шу – бир қараганда зарарсиз одат туфайли асосий кўзланган мақсадга, яъни қилинаётган ишлар энг аввало халқ манфаати йўлида эканлиги ҳақидаги гапларга соя тушиб қолаётгандек. Чунки одамлар анавинақанги жумлалардан, юмшоқроқ айтганда, безиб бўлганди-да.