12:45 / 06.04.2017
16484

Ўзбекистонда 10 мингга яқин озиқ-овқат саноати корхоналари фаолият юритмоқда

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда уни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда истеъмол товарларини узлуксиз етказиб бериш, ички бозорда нарх-наволар сунъий кўтарилишининг олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган, деб ёзмоқда “Халқ сўзи” газетаси.

Озиқ-овқат хавфсизлиги кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги ривожи билан узвий боғлиқ. Бироқ, шундай бўлса-да, аҳолини кундалик истеъмол маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда минглаб ташкилот ва ишлаб чиқариш қувватлари ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда 10 мингга яқин озиқ-овқат саноати корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 18 фоиздан кўпроқни ташкил қилади. Бунда озиқ-овқат бозорининг асосий иштирокчилари бўлган “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари, шунингдек, хусусий ишлаб чиқариш субъектларининг салмоқли ҳиссаси бор.  

Хусусан, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси соҳани ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, амалиётга хом ашёни чуқур қайта ишлайдиган сўнгги технологияларни кенгроқ жорий этиш бўйича самарали иш олиб бормоқда. Бугунги кунда унинг таркибида турли мулкчилик шаклидаги 300 дан ортиқ корхоналар фаолият юритаяпти. Мева-сабзавот, гўшт, сут, қандолат маҳсулотлари, чанқовбосди ичимликлар тайёрлашга ихтисослаштирилган мазкур субъектлар орасида “Нестле”, “Кока-Кола”, “Пепси” ва дунёга машҳур бошқа компанияларнинг шуъба корхоналари ҳам борлиги диққатга сазовор. 

Top