Миграция агентлиги Кореяга бориш бўйича тест синовларида юзага келган муаммога изоҳ берди
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Кореяда ишлаш истагида бўлган фуқароларни корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун бўлиб ўтган рўйхатга олиш жараёни бўйича шарҳ эълон қилди.
Унда айтилишича, Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун бўлиб ўтган рўйхатга олиш жараёни бўйича фуқаролардан кўплаб саволлар келиб тушган.
"Корея Республикаси ваколатли идоралари, иш берувчилари юртимиздан бораётган айрим фуқароларнинг билим савияси пастлигидан, шартнома тузилган иш жойидан бошқа жойга сабабсиз кўчиб ўтишидан, нолегал ҳолатга тушишидан норозилик билдирганлар ва бу Ўзбекистон Республикасига ажратиладиган квоталарнинг қисқартирилишига ҳам олиб келди. Бу ҳолатлар бартараф қилинмаган тақдирда квоталарнинг умуман тугатилишига сабаб бўлиши мумкинлигини Корея томони маълум қилган.
Корея Республикасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юбориладиган фуқаролар айрим фуқаролар тушунчасидаги "қора ишчи" эмас, балки хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда ишлаб чиқариш йўналишига ишга жойлаштирилади.
Шу сабабли Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга корейс тилидан тест синовида иштирок этиш учун онлайн рўйхатга олиш жараёни бўлиб ўтди.
Рўйхатга олиш жараёнида фуқароларнинг билим савиясини синовдан ўтказиш учун савол-жавоб тариқасида саволлар берилди", дейилади агентлик шарҳида.
Шарҳда билдирилишича, тузилган саволлар ўрта таълим мактабларининг 7-8-9 синфлари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга мўлжалланган адабиётларидан олинган.
"Фуқароларнинг кўплаб мурожаатига сабаб бўлган "Ҳалима энам аллалари" шеърий тўплами муаллифи ким? Бу тўплам муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бўлиб, мазкур мавзу 8-синф учун мўлжалланган адабиёт дарслигида келтирилган.
Мўғул хони Хитойда қачон ва қайси сулолага асос солганлиги ҳақидаги савол 7-синф учун мўлжалланган тарих фани мавзусига оиддир.
1934 йилда Тунисда тузилган "Янги дастур" партияси раҳбари аслида қандай касб эгаси бўлган? Бу савол Жаҳон тарихи академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун ўқув қўлланмасидан олинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган. Қўлланма муаллифлари У.Жўраев, М.Лафасов", — дея саволларнинг манбаси келтирилади шарҳда.
Агентликнинг маълум қилишича, фуқаролар томонидан билдирилган "Ер юзида қанча қум зарраси бор?", "Сирдарёда неча хил балиқ тури мавжуд?", "Аҳмад қачон вафот этган?"каби саволлар рўйхатга ўтиш жараёнига қўйилмаган бўлиб, бу саволлар ғаразли мақсадларни кўзловчи айрим нопок шахсларнинг уйдирмалари маҳсули ва Fotoshop дастуридан фойдаланилган ҳолда қалбакилаштирилган.
Шарҳга кўра, рўйхатга олиш жараёнида берилган саволлар касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларининг битириш жараёнида топширилиши мажбурий бўлган якуний имтиҳонлар учун тузилган ҳамда охирги йиллар давомида расмий таълим портали ҳисобланган ZIYОNET.UZ сайтида жойлаштирилган тест саволларидан йиғма тарзда олинган.
Агентликнинг билдиришича, савол-жавоб жараёнига киритилган саволлар 7-8-9-синф адабиётларидан олинганлигига қарамай мазкур саволларга жавоб бера олмаганлиги натижасида кўплаб фуқаролар рўйхатдан ўта олмаган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, синов жараёни 3 апрель куни Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг eps.go.kr сайтидан 2015 йил тест синовига киритилган саволлар асосида қайта ўтказилди.
Айрим фуқаролар синовда қатнашиш учун логин-паролни киритганларида "логин ва парол нотўғри" эканлиги ҳақида маълумот чиққанлигидан норозиликларини билдиришганди.
Мазкур ҳолат бўйича агентликнинг айтишича, "2-босқичда қатнашиш учун киритилиши лозим бўлган логин ва пароллар нотўғрилиги рўйхатга олиш жараёнида маълумотларни нотўғри киритиш натижасида юзага келади.
Маълумотлар тўғри киритилганда логинга фуқаронинг паспорт серияси ва рақами, паролга рўйхатга ўтиш жараёнида киритган телефон рақами берилган".
2015 йилга қадар рўйхатдан ўтиш жараёни стадионларда бевосита фуқароларнинг иштирокида ўтказиб келинган. Кореяда ишлаш истагида бўлган фуқароларнинг кўплиги сабабли оммавий тартибсизликлар ва рухсатномаларни сохталаштириш ҳолатлари юзага келиб, фуқаролар жароҳат олишлари ҳам кузатилган.
2015 йил ноябр ойидан фуқаролар сарсонгарчилигига йўл қўймаслик, бевосита ўз ҳудудида турган ҳолда рўйхатдан ўтиш, уларни ортиқча йўл харажатларидан сақлаш, замонавий информацион технологияларни жорий этиш мақсадида интернет тармоғи орқали онлайн рўйхатдан ўтказиш жараёни ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 2017 йилнинг 27-28-29-30 март кунлари Кореяда ишлашни истаган фуқароларни рўйхатга олиш ва анкета тўлдириш жараёни ўтказилишини эълон қилган, бироқ ушбу жараённи ўтказишда қатор муаммолар пайдо бўлганди.
Мавзуга оид
11:10 / 10.10.2024
Фуқарони Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
14:20 / 07.10.2024
Корея Ўзбекистонда инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиряпти
10:10 / 20.09.2024
Корея Ўзбекистон ҳудудларида пеллет кластери ташкил этади
11:52 / 04.09.2024