Йиғилишда қайд қилинишича, бугунги кунда юртдошлар 40 га яқин давлатда меҳнат қилмоқда, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг сони 1,2 миллион нафарни ташкил этмоқда. Европа ва Шарқий Осиёнинг ривожланган давлатларида малакали ишчи кучига эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бормоқда. Қолаверса, Европа комиссиясининг 2030 йилгача бўлган янги миграция стратегиясида Марказий Осиё билан миграция дастурлари, кадрлар тайёрлаш ва ноқонуний миграциянинг олдини олишга алоҳида урғу берилган.
Шу боис, ташқи меҳнат миграцияси бозори географиясини кенгайтириш, айниқса, юқори даромадли меҳнат бозорларига чиқиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Бугунги кунда хориждан тил ва касб талабларига жавоб берадиган 100 мингдан ортиқ малакали мутахассисга буюртмалар келиб тушган. Жумладан, Германияга 40 минг ҳамшира, Японияга 15 минг қурилиш, логистика ва сервис соҳалари мутахассислари зарур.


Мазкур эҳтиёжни қоплашда Германия, Корея ва Япония компаниялари билан техникумлар негизида ташкил этилган қўшма таълим лойиҳалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Хорижий компаниялар билан ташкил этилган 12 та “Касб плюс тил” тамойили асосида қўшма таълим лойиҳаларида 8,5 минг фуқаро ўқимоқда. Уларнинг 3 минг битирувчиси аллақачон ишга жойлашди.
Энди бундай лойиҳалар сонини 20 тага етказиш, талаб юқори бўлган замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитиш кўламини 50 фоизга кенгайтириб, қамровни 10 минг нафардан ошириш режалаштирилган. Жумладан, Тошкент шаҳрида 12 та талаб юқори касб, 7 та чет тилига ўқитиш, 6 та сертификат имтиҳонини ўтказиш учун шароитлар ҳамда 600 ўринли ўқув кампусини ўз ичига олган мақсадли тайёрлаш марказини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт техникумларида ҳамшираларни тил ва касбий кўникмалар бўйича халқаро имтиҳонларга тайёрлайдиган махсус ўқув курслари ташкил этилади. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида бетончи, қолипчи, арматура тўқувчи ва пайвандловчиларни тайёрлаш ҳамда малакасини баҳолаш марказларини кенгайтириш чоралари кўрилади.
Ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш марказида жойларда ягона миграция марказлари ва ҳайдовчиликка ўқитиш хабларини ташкил этиш таклиф этилди.
Мавсумий иш йўналишларини ҳам кенгайтириш зарурлиги қайд этилиб, бу борада аграр ва туризм соҳаларида имзоланган 12 та янги халқаро битим асосида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Испания, Италия, Туркия ва Корея каби давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш топширилди.















