Ўзбекистон | 19:05 / 07.04.2017
17125
2 дақиқада ўқилади

Сергей Лавров Тошкентда ўзбек дипломатларига мукофотлар топширди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг икки ўринбосари - Анвар Носиров ва Саидикром Ниёзхўжаевга Россия ТИВнинг «Халқаро ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун» фахрий нишонини топширди. 

Мукофотларни топшириш маросими МДҲ Ташқи ишлар вазирликлари кенгаши йиғилиши якунида бўлиб ўтди.

«Бугун биз МДҲ ТИВК таркибида жуда яхши ва фойдали иш қилдик. Йиғилиш Ўзбекистон республикаси президентининг Россия Федерациясига ташрифидан кейин бўлиб ўтгани ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Биз ўзбекистонлик дўстларимизнинг ўзаро стратегик ҳамкорлик, иттифоқчиликни чуқурлаштиришга интилишларини сезиб турибмиз ва биз ҳам худди шу тарзда жавоб қайтарамиз. Ушбу мақсадлар президентларимиз томонидан яна бир бор тасдиқланди

Мен Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосарларининг ўзаро ҳамкорлигимизга қўшган ҳиссасини қайд этиб ўтишни истардим. Халқаро ҳамкорликка қўшган ҳиссалари учун Анвар Жамолиддинович Носиров ва Саидикром Фарҳодович Ниёзхўжаевга вазирлигимиз нишонини топширмоқчиман», — деган Сергей Лавров.

Лавров Тошкентда бўлиб ўтган МДҲ ТИВК йиғилишини «кейинги вақтлардаги энг муваффақиятли йиғилишлардан бири» сифатида эътироф этишини билдирди.

«Москва саммити ва вазирларнинг бугунги учрашувида ҳал қилиниши лозим бўлган барча масалалар муваффақиятли равишда ўз ечимини топди», — деган Россия ТИВ раҳбари.

Мавзуга оид