Жамият | 19:25 / 10.04.2017
8010
6 дақиқада ўқилади

2016 йилда 2-3 ёшли фарзандлари бўлган 22 минг нафар аёлга 7 ярим миллиард сўмдан кўпроқ моддий ёрдам берилди

Қонун ҳужжатларига биноан Ўзбекистонда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тўртта, яъни умумреспублика, тармоқ,  ҳудудий ва локал миқёсларда амалга оширилади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати.

Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар  Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба  уюшмалари  Федерацияси Кенгаши,   Ўзбекистон  Савдо-саноат палатаси  ўртасида  2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув умумреспублика миқёсида ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланади. Бош келишув асосида республикада 95 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар, бевосита корхона, ташкилотларда эса 158 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.

Бугунги кунда Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимларнинг тўла бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилмоқда. Жамоа шартномалари ва келишувларига ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этишга, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсацияларни ўрнатиш тартибига оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, Ягона тариф сеткасига нисбатан оширилган тариф коэффициентларини ўз ичига олган тармоқ ва локал тариф сеткаларини жорий этиш йўли билан меҳнат ҳақи миқдорларини жамоа-шартномавий тарзда ўрнатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида турли соҳаларда меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзоларидан қарийб 940 минг нафарининг иш ҳақи оширилган тариф коэффициентлари бўйича ҳисоблаб тўланмоқда. 

Жамоа шартномалари ва келишувларида меҳнат ҳавфсизлиги даражасини ошириш, иш ўринларида санитар-гигиеник вазиятни янада яхшилаш, ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари, санитар-маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш, тегишли тартибда ходимларга имтиёз ва компенсациялар бериш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 

Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Шунингдек, иш стажига қараб қўшимча таътиллар бериш тартиби жорий этилган. Натижада ҳар йили 2 миллион нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 3 миллион нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштириш масалалари жамоа келишувлари ва шартномаларининг муҳим бўлими ҳисобланади. Хусусан, ўтган 2016  йилда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 4 минг 865 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. Ижтимоий ҳимояталаб оилалар вакилларидан 81 минг 423 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, ушбу мақсадлар учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳисобидан 46 млрд. 147,3 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Шу билан бирга корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари орқали боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалардан бўлган ходимларнинг 60 минг 681 нафар фарзандлари учун 3 млрд. 517,9 млн. сўмлик ўқув анжомлари сотиб олинди. Икки ёшдан уч ёшгача фарзандлари бўлган 22 минг 431 нафар аёлга 7 млрд. 677,7 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам берилди. Нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 10 минг 250 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтасини 1 соатга қисқартириш учун корхоналар ҳисобидан 1 млрд. 813,2 млн. сўм сарфланди. Ёш болали ишовчи аёллардан 72 минг 905 нафарига икки ёшга тўлмаган фарзандини овқатлантириш учун ҳақ тўланадиган танаффуслар ўрнатилди. Шунингдек, 70 минг 688 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилди ҳмда ушбу мақсадларга 2,8 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, барча жамоа шартномалари ва келишувларига аёллар ва ёшлар меҳнатини тартибга солиш бўйича меъёрий бўлимлар киритилган бўлиб, уларда ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшга оғишмай риоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик, камситмаслик ва тенг аҳамиятли меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш принципларига риоя этиш борасида иш берувчиларнинг мажбуриятлари киритилган. 

Жамоа шартномаларига киритилган янги тадбир ва имтиёзлар натижасида жорий йилда жамоа келишувлари ва шартномалари воситасида 15 минг нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, 14 минг нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар топшириш, 55 минг нафар ишламайдиган пенсионерга моддий ёрдам кўрсатиш, корхоналар ходимларининг 5  минг нафар фарзандига чет тилларни ўрганишида моддий кўмаклашиш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2,5 минг нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабанинг ўқув шартнома пулларини қисман қоплаш, 1,5 минг нафар ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар бериш режалаштирилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги жамоа шартномаларининг деярли 70 фоизига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини албатта олиш лозимлиги тўғрисидаги банд киритилган. Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, кейинги йилларда Жамоа шартномалари ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадларини ошириш манбаига айланди. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрта ҳисобда бир ходимга ойлик маошдан ташқари Жамоа шартномаси орқали сарфланган маблағ миқдори бундан 4-5 йил аввал ўртача 500  минг сўмни ташкил этган бўлса, 2016 йил давомида 2,3  млн. сўмни ташкил этди.

Мавзуга оид