Ўзбекистон | 09:50 / 13.06.2024
14705
2 дақиқада ўқилади

Болалар нафақаси ва моддий ёрдамни олиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди

Кам таъминланган оилалар болалар нафақаси ва моддий ёрдамни олиш учун эндиликда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн ариза беришлари ҳам мумкин. Бу хизмат бепул бўлиб, ундан кам таъминланган, жумладан, оиласида 18 ёшгача фарзанди бор ва ижтимоий нафақа олиш истагида бўлганлар фойдаланиш имкониятига эга.

2024 йил 1 майдан бошлаб кам таъминланган оилалар болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш учун ягона интерактив давлат хизматлари портали, яъни my.gov.uz орқали ариза беришлари мумкин бўлди. Болалар нафақаси 12 ой (бола 18 ёшга тўлгангача), моддий ёрдам 6 ой муддатга тўланади. Уларнинг миқдорлари қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган.

Бўка туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази директори Камолиддин Асқаровнинг тушунтиришича, талабгорлар бу хизматдан фойдаланиш учун:

1.my.gov.uz да рўйхатдан ўтиши;

2.тегишли хизматни танлаши;

3.ундаги сўровномани тўлдириши ва юбориши керак.

Хизматдан фойдаланиш бепул. Ариза “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан ўрганилади. Бунда ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромад миқдори аниқланади ва белгиланган мезонларга мослиги солиштирилади. Шундан сўнг ижтимоий нафақани тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ва ариза жавоби my.gov.uz орқали юборилади. Мазкур хизмат Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кўрсатилади.

Мавзуга оид