Чемпионликни «истамаётган» «Барса», номига ярашмаётган Der Klassiker ва уик-энднинг бошқа ёрқин лаҳзалари
Ўтган ҳафта уик-энди бир қатор қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Мадрид дербиси, «Барселона»нинг кутилмаган мағлубияти, «Бавария»нинг немисча классикодаги бенефиси. Tribuna.Uz шу каби ёрқин лаҳзаларни ёдга олиб ўтди.
Чемпион бўлишни «истамаётган» «Барселона»
Испания чемпионати якунига етган сари унда «Реал»нинг чемпион бўлиши аниқроқдек кўзга ташланмоқда. Мадридликлар энг қийин рақибга қарши очко йўқотган учрашувда ҳам «Барселона» билан орадаги фарқни узайтиришга муваффақ бўлмоқда. Бу тур худди шундай вазиятни келтирди. «Реал» ўз уйида «Атлетико»ни қабул қилиб, сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқарди.
«Барселона» эса бундан фойдаланиш ўрнига «Малага»да имкониятни бой бериб қўйди. Энрике «Барселона» ғалаба қозониш учун муносиб эди, деб қанчалик жар солмасин, ўша куни каталонияликлар чемпион бўлиши керак бўлган жамоага хос ҳаракат қилишмади. «Малага» эса «Реал»га кўмаклашиб юборганидан хурсандлигини яшириб ўтирмади. Неймар ўзининг қилиқлари билан нафақат ўша ўйинни бузди, балки бўлажак ўта муҳим ўйинда иштирок этиши ҳам сўроқ остида қолди.
Бу турда етакчиларнинг очко йўқотишидан унумли фойдаланиб қолиш мақсадида «Вильярреал» муҳим ғалабани қўлга киритди.
Изига тушиб олган «Челси» рельси, «Эл-Маго» ва Коутиньо рекорди
Англия премьер-лигасида чемпионлик учун фақат икки жамоа курашмоқда. Бу турда «Челси» ҳам «Тоттенҳэм» ҳам ишончли ғалабаларни қўлга киритишди. ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш эса авжига чиққан. «Ливерпуль» «Сток» уйида ҳисобда ортда қола туриб ғалабани илиб кетишни уддасидан чиқди. Голларнинг бирига муаллифлик қилган Фелипе Коутиньо АПЛда тўп сурган бразилияликларнинг рекордини ўрнатди. «Манчестер Сити» эса «Ҳалл»ни мағлубиятга учратди. Бу учрашув ҳам шахсий кўрсаткичли юбилейсиз ўтмади.
Шунингдек, «Манчестер Юнайтед» ҳам «Сандерленд» уйидан ғалаба билан қайтган бўлса, «Эвертон» Крейг Шекспир бошчилигидаги «Лестер»нинг илк мағлубиятига сабабчи бўлди.
Ҳигуаин — гол-машина, Шимолий кореяча тарих
Италия А сериясида бу турда уч етакчи жамоалар ўз ўйинларини муваффақиятли ўтказишди. «Ювентус» Ҳигуаиннинг дубли эвазига «Кьево»ни мағлуб этди. Аргентиналик гол-машина бу икки голи билан «Ювентус» тарихидаги энг сермаҳсул дебютант номини ўзиники қилиб олди.
«Рома» ва «Наполи» эса меҳмонда ғалаба билан қайтди. Европа лигаси йўлланмаси учун даъвогарларнинг очко йўқотишидан фақатгина «Милан» унумли фойдаланиб қолди.
Турнинг энг эътиборга молик воқеаларидан бири эса шимолий кореялик 18 ёшли футболчининг Италия А сериясидаги дебют гол бўлди. Хваннинг голи КХДР футболи тарихида А серияда урилган биринчи гол сифатида қоладиган бўлди.
Номига ярашмаётган Der Klassiker
Сўнгги икки мавсумдан буён бундеслиганинг энг машҳур қарама-қаршилиги Der Klassiker‘нинг Мюнхендаги қарама-қаршилиги номига муносиб кечмаяпти. Ўтган мавсумда 5:1, бу йил эса 4:1. «Бавария» азалий рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади.
«Боруссия»нинг мағлубиятига «Ҳоффенҳайм»нинг ҳам муваффақиятсизлиги қўшилди ва бундан «Лейпциг» унумли фойдаланиб қолди. 10 киш бўлиб сўнгги дақиқаларда гол урган Ҳазенхюттл шогирдлари дебют мавсумида кумуш медалларни қўлга киритишга янада яқинлашди.
Барқарор етакчилар
Францияда жиддий янгилик кузатилмади. Европа чемпионлар лигаси йўлланмасидан амалда маҳрум бўлиб улгурган «Лион»нинг ўз уйида йирик ҳисобда мағлуб бўлишини айтмаганда, Францияда барчаси бир текисда давом этмоқда.
«Ницца» камида 3-ўринни нақд қилиб қўйгач, ортиқча босимсиз ғалабаларни қўлга киритмоқда. Бу сафар жамоага Балотеллининг дубли уч очко келтирди. «Монако»га эса меҳмонда муваффақият қозониб қайтган бўлса, «ПСЖ» ўз уйида «Генгам»ни тор-мор келтирди. «Лион»нинг мағлубиятидан эса «Марсель» фойдалана олмади.
Шунингдек, бу турда Россия чемпионатида ҳам қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. ЦСКА ва «Зенит» очко йўқотишидан «Спартак» унумли фойдаланди ва жамоа узоқ йиллик танаффусдан сўнг чемпионлик сари яна бир дадил қадамини ташлади.
Мавзуга оид
13:53 / 29.08.2024
Палмердан Мейнугача: АПЛ клубларининг «жавоҳирлар»и
22:07 / 16.08.2024
АПЛда янги мавсум бошланмоқда. Кучли тўртликда ўзгаришлар бўладими?
17:31 / 19.05.2024
Бундеслигада ноодатий ва ноёб мавсум якунлари. «Бавария» ҳатто иккинчи бўлолмади
17:11 / 27.04.2024