Ёшлигидан дадасининг соясида катта бўлган Жаҳонгир (исмлар ўзгартирилган) умри давомида қийинчилик кўрмади. Оддий деҳқон бўлиб, кейинчалик маҳалла оқсоқоли даражасига етган Ортиқ ака ўғлим мендек ғам чекмасин, умри роҳатда ўтсин, деб уни авайлаб-асради. Ҳолида опа ҳам ёлғиз ўғил деб Жаҳонгирни еру кўкка ишонмади. Ўзлари емай фарзандларига едиришди, ичмай ичиришди. Кўнгли нимани тусаса ҳаммасини муҳайё қилишди. Шу сабабми Жаҳонгир ёшлигидан эрка бўлиб ўсди. Улғайган сайин хоҳишлари ҳам кўпайиб борди. Дастлаб, магнитофон, велосипед деб хархаша қиладиган Жаҳонгир энди сўнгги русумдаги телефон, ноутбук талаб қила бошлади. 

Ортиқ ака ўғлим бошқалардан кам бўлмасин, дея ҳаммасини муҳайё қилди. Жаҳонгир институтга кирган кун уйда байрам бўлиб кетди. Қувончидан ичига сиғмаган ота ўғлим энди катта йигит бўлиб қолди, эҳтиёжлари ҳам шунга яраша, дўстларининг олдида уялиб қолмасин, деб қўлига даста-даста пул тутишни канда қилмади...

Ортиқ ака хизмат сафари билан бир ҳафтага Тошкентга кетди. Жаҳонгир уйда ойиси билан қолди. Телефонини ўйнаб, тунни ярим қилар, эрталаб ойисининг тергаши билан зўрға уйқудан турар, нонушта қилиб, ўқишга жўнарди. Ойисининг ҳар кунги:
  
– “Ўғлим, ошхонадаги розетка бузилиб қолибди. Янгисини олиб келдим, алмаштириб бер, микротўлқинли печни ишлата олмаяпман,” –  деган сўзлари у қулоғига кириб, бунисидан чиқиб кетарди.

–  “Эртага, ойи, бугун ишим кўп,” – жавоб қилди. Аслида эса розеткани олиб алмаштиришга эринар, дадаси келса ўзи тузатиб қўйишини биларди. Шу сабаб вақтни чўзарди.

Дарсга борди. Кеч ухлагани сабаб қулоғига ўқитувчининг гапи кирмасди. Телефонида интернетга кириб ўтираркан, қулоғига устозиининг гапи чалинди:

- Инсоннинг тутундан тўғридан-тўғри икки дақиқа нафас олиши ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин. Чунки, тутун таркибидаги 4-6 % ис гази қон таркибидаги гемоглабинга таъсир қилиб, кислород ташиш қобилиятини ...

Жаҳонгир яна телефонига “шўнғиб” кетди.

Кунлар ўтди. Жаҳонгирнинг димоғи чоғ. Бу йил институтга кирди. Институтни битирса бўлди, дадаси уни “ёғли иш”га жойлаштириб қўяди. Дадаси ҳар доим айтганини қилган. Ўқишга кирса машина олиб беришини айтган эди. Мана янги Nexiaда юрибди. Курсдошлари унга ҳавас билан қарашади. Ҳамма у билан яқин бўлгиси келади, дўст бўлишга уринади. Аммо, Жаҳонгир ҳам анойилардан эмас. Ҳамма билан ҳам дўст бўлавермайди. Ахир, у оддий бола эмас. Шаҳарнинг энг кўзга кўринган, обрўли кишиларидан бирининг фарзанди. Дўстлари ҳам шунга яраша.