Жамият | 16:25 / 11.04.2017
6099
2 дақиқада ўқилади

Андижонда янгича ёндашувдаги “Касб-ҳунар билан келажак сари” кўргазмали фестивал ўтказилди

Андижон шаҳридаги олимпия захиралари коллежида янгича ёндашувдаги “Касб-ҳунар билан келажак сари” кўргазмали фестивали ўтказилди.

Тадбирда вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари ва 9-синф битирувчилари билан биргаликда иш берувчилар, таълим муассасалари  раҳбарлари, соҳа билан бевосита алоқадор бўлган идоралар вакиллари ҳамда ота-оналар иштирок этдилар.

Фестивалини ташкил қилишда кўргазмага ташриф буюрган 9-синф битирувчиларида вилоятдаги мавжуд коллежлар, академик лицейлар, уларнинг имкониятлари, ушбу таълим муассасаларида жаҳон талабларига мос равишда яратилган шарт шароитлар ҳақида тўла тасаввур уйғотишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирга ташриф буюрган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов юртимизда ёш авлодни баркамол инсон этиб тарбиялаш учун яратилган имкониятлар ҳақида сўзлаб, тадбирда давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилишларига, меҳнатга оид муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида иштирок этишликлари ва ўз бизнесини бошлаш истагини билдирган ёшларга кредит маблағлари ажратишга амалий ёрдам  ва имконият берилишига тўхталди.

Вилоятдаги 740 та умумтаълим мактабларида 430 минг нафардан зиёд, 129 та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларида 128 минг 533 нафар йигит ва қизлар таҳсил олишмоқда.

Шу йилнинг ўзида 42 мингдан зиёд 9-синф битирувчилари вилоятдаги касб-ҳунар коллеж ва академик лицейларда ўқишни давом эттириш билан бирга ўзлари танлаган касб-ҳунар сирларини ўргана бошлаши, замонавий ўқув лабораториялари, ахборот-ресурс марказлари ва спорт иншоотларидан эмин-эркин фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилган.

Шу йили 41 минг нафардан зиёд йигит-қизлар эса коллеж ва академик лицейларни тамомлаб, олий таълим муассасалари остоналарига қадам қўядилар, мустақил касб эгаси сифатида иқтисодиётнинг турли жабҳаларида меҳнат фаолиятларини бошлайдилар.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид