Жаҳон | 19:13 / 12.04.2017
7203
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Миллий банки раиси: «Республика иқтисодиёти тикланмоқда»

Фото: Қозоғистон миллий банки матбуот хизмати

Қозоғистон Миллий банки республика иқтисодиёти яқин уч йил давомида ижобий тарзда ривожланишини башорат қилди. ТАСС мамлакат Миллий банки раиси Дониёр Акишев билан шу ва бошқа қатор масалалар юзасидан суҳбатлашди.

Акишевнинг таъкидлашича, ҳукумат томонидан макроиқтисодий параметрлар қайта кўриб чиқилиши биринчи навбатда жаҳонда нефть нархларининг барқарорлашиши билан боғлиқ. Иқтисодиётнинг ички секторида эса асосий салбий оқибатлар ортда қолган, иқтисодиёт ўсиши тикланган. Бундан ташқари, пул-кредит сиёсати тенгенинг эркин ва "сузиб юрувчи" айирбошлаш курсиси режимида олиб борилмоқда. 2016 йилда пул ва валюта бозорлари барқарорлиги таъминланди, бу эса депозитлар бозоридаги вазиятни яхшилади. «Ҳозирда иқтисодий агентларнинг янги шароитларга тўла кўниккани ҳақида гапириш мумкин, иқтисодиётдаги вазият эса унинг янада ўсишидан дарак бермоқда. Биз бундай шароитда ички истеъмол аста-секин тикланишини кутмоқдамиз. Бундан ташқари, иқтисодий ривожга ижобий ҳисса диверсификация ва иқтисодиётни рағбатлантириш бўйича давлат дастурларини амалга оширишни давом эттиради».

«2016 йилнинг сентябридан бошлаб биз тенге курси ташкил топиши жараёнига аралашаётганимиз йўқ. У ички ва ташқи омиллар таъсири туфайли барқарор ҳолатда», - дея маълум қилди Акишев.

Шунингдек, мамлакат Миллий банки раисининг айтишича, Қозоғистоннинг халқаро иқтисодиётга интеграциялашуви, шунингдек мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида иштирок этиши – Қозоғистон иқтисодиётига таъсир кўрсатади. Қозоғистоннинг асосий савдо шериклари – Европа иттифоқи давлатлари, Россия ва Хитой экани қайд этилди. 

Бундан ташқари, Акишевнинг айтишича, «Миллий банк марказий банк сифатида нархлар барқарорлигини таъминлашга жавобгардир. Қозоғистон Миллий банки пул-кредит сиёсатини олиб боришда бу хатти-ҳаракатлар мамлакатдаги иқтисодий ўсишга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини баҳолаб келган. Биз инфляция мақсадлари ва макроиқтисодий барқарорлик ўртасида қулай нисбатни доимий равишда излаймиз».

Шунингдек, Миллий банк раисининг сўзларига кўра, Қозоғистон кичик очиқ иқтисодиётга эга давлат бўлгани туфайли, ноозиқ-овқат истеъмол маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш  воситалари импорт қилинади, ташқи инфляция ҳам аҳамиятга эга. Мамлакатдаги инфляцияга жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатлари, жаҳон товар ва озиқ-овқат бозорларидаги вазият, савдо шериклари бўлган давлатлардаги инфляция каби ташқи омиллар таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, Қозоғистондаги ички валюта бозори ҳолати барқарор экани айтилди. Айни дамда тенге курсининг анча мустаҳкамланиши 2017 йилнинг февралидаги мавсумий омилга ҳам боғлиқ. Бу даврда йирик экспортчи-корхоналар валюта тушумининг бир қисмини солиқ тўловларини тўлаш учун сотишади ҳамда хорижий валюта таклифини оширишади, бу эса якунда тенгенинг айирбошлаш курсиси мустаҳкамланишига олиб келади. 

Шунингдек, Акишевнинг таъкидлашича, «Евроосиё иқтисодий иттифоқи – бу биринчи навбатда иқтисодий бирлашма бўлиб, унинг мақсади – иштирокчи-давлатлар иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун шароит билан таъминлаш, уларнинг рақобатбардошлигини оширишдир. Умумий молия бозорини ташкил этиш эса Евроосиё иқтисодий иттифоқи ичида молиявий ресурсларни қайта тақсимлаш самарадорлигини ошириш ва интергация жараёнларининг чуқурлашишида қўл келади. 2025 йилгача ЕврОсИИ ягона молиявий бозорини яратиш учун иттифоқ марказий банклари тартибга солиш ягона принципларини ишлаб чиқиши ва ўзаро мувофиқлаштириб олиши даркор».

Мавзуга оид