Пентагонда Афғонистонга супербомба ташланиши сабаблари тушунтирилди
Америкалик ҳарбийлар энг катта ноядровий бомбанинг Афғонистонда ИШИДга қарши қўлланиши тўғри бўлганини таъкидлашмоқда. Бу ҳақда CNN ахборот агентлиги хабар бермоқда.
GBU-43/B бомбасининг ташланишига бағишланган матбуот-анжуманда журналистлар АҚШнинг Афғонистондаги кучлари қўмондони генерал Жон Николсонга бундай кучли бомбанинг қўлланиши қанчалик тўғри бўлгани ҳақида савол беришган. "Тактик жиҳатдан бомба тўғри нишонга тўғри вақтда қўлланган", деб жавоб берган генерал.
Шу билан бирга, Николсон бомба кимнинг буйруғи билан ташлангани ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочган. Николсон америкалик ҳарбийлар операцияга тайёргарликни тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлмаслиги учун афғон ҳукумати билан биргаликда амалга оширганларини маълум қилган.
Афғонистоннинг АҚШдаги элчиси Ҳамидулла Моҳибанинг айтишича, бомбанинг ташланишига АҚШ ва Афғонистон қўшинлари ҳамда террорчилар ўртасидаги жангларнинг бир ҳафта ичида авж олиб кетгани сабаб бўлган. Қўшинларнинг олдинга силжиши қийин бўлган, чунки ИШИД жангарилари ҳудудни миналаб ташлашган.
АҚШлик ҳарбийлар бомба ташланган ҳудудда 600-800 нафар жангари бўлганини тахмин қилишган, бироқ улар бу зарба билан қанча террорчини йўқ қилишни мўлжаллашгани ноаниқлигича қолган.
АҚШ бомбани 13 апрелда жангариларнинг Нангархор вилоятидаги туннеллар тизимига қарши қўллаган. Пентагоннинг маълум қилишича, зарба оқибатида 36 террорчи ўлган. Кейинроқ ОАВда жангарилар ҳеч қандай талофат кўрмаганлари ҳақида маълумот пайдо бўлган.