17:03 / 19.04.2017
6810

Таиланд пойтахтида кўча овқати тақиқланди

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрининг асосий кўчаларидан барча савдо дўкончалари, жумладан машҳур таомлар ҳам олиб ташланади. Ҳукуматнинг маълум қилишича, бу қарор пойтахт шаҳарда “тартиб ва тозаликни” сақлаш мақсадида қабул қилинган.

Шаҳар губернатори катта маслаҳатчиси Ванлоп Сувандининг таъкидлашича, савдо нуқталари 2017 йилнинг охирига қадар олиб ташланади. Кўча таомларидан ташқари “кийим-кечак ва контрафакт маҳсулотлар” ҳам тақиққа учрайди. Сувандининг қайд этишича, гап ҳозирча фақат Бангкокнинг асосий кўчалари ҳақида кетмоқда, сотувчилар эса маҳаллий бозорларда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.

Губернатор катта маслаҳатчисининг қўшимча қилишича, шаҳар маъмурияти ноқонуний дўкончалар эгаларига ҳеч қандай енгилликлар бермайди ва якунда “тротуарлар пиёдаларга қайтариб берилади”. Бироқ Таиланд пойтахтидаги туманлардан бирининг вакиллари таъкидлашича, тақиқ таомлар бўлган аравачаларга нисбатан қўлланилмайди.

Бундан ўзига хос тозалаш ишлари Бангкокнинг 50 та туманида ўтказилади. Илк шундай ишлар эса 2017 йилнинг апрель ойида бошланган. The Guardian нашри маълумотига кўра, тақиқ Сиам марказий туманида жорий этиб бўлинган: дўконча эгалари полиция томонидан ҳайдаб юборилди. 

Бироқ бу янгиликка салбий муносабатда бўлаётганлар ҳам бор. “Кўча овқати маҳаллий аҳоли орасида ҳамон оммабоп бўлиб қолмоқда. Албатта, Бангкок бу тақиқ туфайли ўзига жалб этувчи муҳим жиҳатлардан маҳрум бўлади”, - дея айтиб ўтди блогер Чавади Нуалхайра.

Маълумот учун, айнан кўча таомлари Таиланд пойтахтига кўплаб туристларни жалб этади. CNN телеканали эса 2017 йилнинг апрелида Бангкокни “энг яхши кўча овқатлари бўлган шаҳарлар” рўйхатига кетма-кет иккинчи маротаба киритди.

Top