Жамият | 23:29 / 20.04.2017
13413
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Республика байналмилал марказининг 25 йиллигига бағишланган фестивал бошланди

Юртимиз аҳолиси ҳақида гап кетганда доимо "кўп миллатли халқ” деган ибора қўлланилиб келинади. Дарҳақиқат, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қиладилар. Бугунги кунда мамлакатимизда барча миллат вакиллари ўз миллий марказларига эга. Истиқлолнинг илк йилларида ташкил топган "Республика байналмилал маркази” жорий йилда 25 ёшга тўлиб, шу вақт оралиғида Ўзбекистон чинакамига кўп миллатли аҳил оилага айланди.

Марказнинг республикамиз бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган фестивали биринчилардан бўлиб Андижон вилоятида бошланди. Андижонда фаолият кўрсатаётган 5 та (уйғур, корейс, рус, қирғиз ва арман) маданий марказлари вилоятда истиқомат қилаётган  турли миллат вакиллари билан ҳамжиҳатликда мазкур тадбирга қизғин тайёргарлик кўрдилар.

Республика Байналмилал маданият маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Андижон давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида ўтказилган фестивалда пойтахтдан келган меҳмонлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Шаҳзодбек Турсунов, Республика Байналмилал маданият маркази раисининг ўринбосари Муножатхон Нурматовалар миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, тинчлик-хотиржамлик ва ёшларимизга яратилаётган шароитлар ҳақида гапирди.

Қўрғонтепа туманида меҳмонларни карнай-сурнай садолари остида ноз-неъматлар билан кутиб олинди. Бу ерда меҳмонларга озарбойжонча келин салом намойиш этилиб, барча “Андижон полкаси”га рақсга тушди.

Самимий мулоқотлар давомида ёшлар ва турли миллат вакиллари ўзларининг дил изҳорларини билдириш билан бирга ижод наъмуналаридан ўқидилар, она тилларидаги ижод намуналаридан ижро қилдилар.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид