Жамият | 22:18 / 29.04.2017
23411
2 дақиқада ўқилади

Америкалик ўта совуққон кассир интернет фойдаланувчиларнинг ҳайратига сазовор бўлди (видео)

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари АҚШнинг Канзас-Сити шаҳридаги Jimmy John's тамаддихонаси кассирининг ўғрилик вақтида ўзини вазмин тутганини юқори баҳоладилар.

26 апрелда юз берган ва тамаддихонадаги камерага ёзиб олинган воқеа видеосини YouTube’да маҳаллий полиция жойлаштирди. Видеода ўғри аввал буюртма бераётгани, сўнгра ёнидан тўппончани чиқариб, уни кассирнинг юзига ўқтаганча кассадаги пулларни беришни талаб қилаётганини кўриш мумкин. Эътиборли жиҳати, бундай қалтис вазиятда кассир ўзини ўта совуққон тутиб, пинагини ҳам бузмаган. Жиноятчи кассадаги барча пулларни олгач, тамаддихонадан чиқиб кетган. 

Видеога YouTube ва Twitter’да қолдирилган изоҳларда кўпчилик кассирнинг ўзини вазмин тутишидан ҳайрат билдирган. "Жиддийми? Jimmy John's кассири унга тўппонча ўқтаб турилганда ҳаттоки жойидан жилмади! Мен ҳали бунақасини кўрмагандим", деб ёзмоқда фойдаланувчилардан бири. "Агар сиз луғатни очиб, унда "вазмин" деган сўзни топсангиз, ушбу сўз олдида бу кассирнинг суратини кўрасиз", деб ёзмоқда яна бир фойдаланувчи. Баъзи фойдаланувчилар йигитнинг ўзини вазмин тутишини у тўппонча носоз ёки қалбаки эканини билгани билан тушунтиришган. "Кўринишича, тўппончанинг затвори ишламай қолган", деб таъкидламоқда яна бир фойдаланувчи.  

Бу орада полициянинг маълум қилишича, ўғри қўлга олинган. У қуролли босқинчиликлар учун бир неча маротаба судланган, 54 ёшли Терри Рейфорд исмли кимса бўлиб чиққан.

Мавзуга оид