Жамият | 19:11 / 02.05.2017
11033
3 дақиқада ўқилади

Суд ижрочисига қасддан тан жароҳат етказган шахс жазога тортилди

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Ш.Аҳмедов, суд қарорига асосан фуқаро Д.Абдураззақова фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши лозим бўлсада, 2 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаб, суд ижрочиларининг Наманган шахар бўлимига келиб, суд ижрочиси Д.Икрамовга нима сабабдан уни чет давлатга чиқиш ҳуқуқларини чеклаб қўйганлигини айтиб дағдаға қилади ва хизмат вазифасини ўтаётган ходимини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди.

Эртаси кун, яъни жорий йилнинг 18 февраль куни кундузи Ш.Аҳмедов суд ижрочилари бўлимига келиб, йўл ёқасида турган суд ижрочиси Д.Икрамовга тегишли бўлган “Лачетти” русумли автомашинасининг чап ён ойнасини қўлида бўлган автомашина ключи билан уриб синдирганлиги, “Лачетти” автомашинасини сигнализацияси ишлаб кетганлиги сабабли суд ижрочиси Д.Икрамов, бўлим иш юритувчиси З.Атамирзаев, фуқаролар И.Солижонов, А.Турғунов, С.Олимжановлар югуриб чиқиб, автомашина олдига боришганида, Ш.Аҳмедов уларни кўриб бошқарувидаги ВАЗ-2106 русумли автомашинасини қарама-қарши йўналиш бўйлаб бошқариб, йўл четида турган З.Атамирзаев, И.Солижонов, А.Турғунов, С.Олимжановларни устига ҳайдаб, қасддан уриб юбориб, уларга тан жароҳати етказади.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Аҳмедовга нисбатан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан 2017 йил 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси, 1-қисми, 219-моддаси, 2-қисми ва 277-моддаси, 3-қисми “г”банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят Кодексининг 221-моддаси билан ушланган ва унга нисбатан  қамоққа олиш хақида эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суд департаментининг матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Жиноят иши жорий йилнинг 27 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди сайёр очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчи Ш.Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси, 1-қисми, 219-моддаси, 2-қисми ва 277-моддаси, 3-қисми “г”банди билан айбли, деб топилиб, унга 3 йил 9 ой 24 кун озодликдан чеклаш билан боғлиқ жазо тайинланиб, жиноят қуроли деб эътироф этилган ВАЗ-2106 русумли автомашина давлат фойдасига мусодара қилинган.

Мавзуга оид