Европанинг бирорта мамлакатида ва ҳалқида жамоатчиликнинг барча ижтимоий қатламларида бирдек севиб тановул қилинадиган таом мавжуд эмас. Ҳа, гап Ўрта Осиё, шу жумладан Ўзбекистонда кенг тарқалган палов ҳақида бормоқда. Собиқ хонлар саройларида ҳам, мардикорлар тўпланадиган жойларда ҳам ҳеч қачон меъдага тегмайдиган палов истеъмол қилинган. Mytashkent.uz сайтида эълон қилинган ва санаси 1891 йилга борадиган мақолада шу ҳақда сўз юритилган. 

Ҳафта мобайнида тўйиб овқатланмасдан ишлайдиган қашшоқ аҳоли ҳам тийинни тийинга улаб, ҳафтанинг пайшанба ва иложи бўлса, якшанба куни ҳам севимли паловни пиширишга ҳаракат қилишади. 

Бу таом нафақат турғун турмуш тарзини кечирувчи шаҳар ва қишлоқларда, балки тоғларда истиқомат қилувчи ҳамда кўчманчи ҳаётга ўрганган қирғизларда ҳам пиширилади. Улар нон истеъмол қилмасликлари мумкин, аммо йирик тантаналари паловсиз ўтмайди, деб ёзади мақола муаллифи В. И. Кушелевский. 

Фото: mytashkent.uz

Ушбу таом қуйидагича тайёрланади: дастлаб, катта қозонда қўй гўштидан шўрва қайнатилади ва бир идишга қуйиб олинади. Сўнгра, думба ёғида қайнатилган гўшт, сабзи, пиёз яхшилаб қовурилади. У ҳам бир идишга солиб олинади. Буларнинг барчаси гуруч билан аралаштирилади ва маълум меъёрга келгунича қозонда қайнатилади, кейин маълум бир муддат қозон лаганлар билан ёпилиб тиндирилади. Гуруч маромига келганидан сўнг, палов тайёр бўлган ҳисобланади. Қўй гўшти майдаланиб, гуруч устидан қўйилади ва (столга) аниқроғи полга ёйилган дастурхонга тортилади. Чунки, маҳаллий аҳоли хонтахта атрофида ўтирмайди, балки таомни полга ўтирган ҳолда истеъмол қилишади. Улар паловни қўллари билан тановул қилишади, чунки санчқи ёки шунга ўхшаш ошхона жиҳози қўйилмайди. Суюқ овқатларни эса қошиқда эмас, балки косалардан симиришади. 

Паловни тайёрлашнинг яна бир усули қуйидагича: майдалаб кесилган қўй думбаси олинади ҳамда қозонда кучли оловда эритилади. Жизлари олинади ва эриган ёғга туз, қизил қалампир ва майда тўғралган пиёз солинади. Солинган масаллиқлар қовурилиб, ёғ қизил тусга кирганида қозонга майда ёки кўп ҳолларда бутун бўлаклардаги қўй гўшти солинади. Гўшт ҳам етарли даражада қовурилгач, унинг устидан тўғралган сабзи, майиз, беҳи, хоҳишга кўра қуритилган ёки янги узилган ўрик солинади. Унинг устидан, сувда яхшилаб ювилган ҳамда қайнаган сувда ивитилган гуруч солинади. Ниҳоят, қайноқ сув қуйилади ва катта оловда қайнатилади. Сув тортилгач, олов пасайтирилади, қозон ёпилади.