18:53 / 06.05.2017
9563

Шавкат Мирзиёев номидан сирдарёлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига уй берилди

Фото: ЎзА

Сирдарёлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Холқўзи Тошқўзиевга Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги ҳамда Гулистон шаҳридаги кўп қаватли уйдан 2 хонали хонадоннинг калити тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Уй-жойга эҳтиёжи борларга турар жой ажратиш, навбатсиз ҳаж сафарига юбориш, навбатсиз автомобиль сотиб олиш учун сертификатлар, 2 миллион сўмдан пул мукофоти топширилмоқда. 

Холқўзи Тошқўзиев 1943 йили 18 ёшида урушга кетиб, фашизмга қарши жангларда иштирок этди, бир неча бор яраланди. Ҳозирги Калининград шаҳри учун бўлган қақшатқич жангда яраланди. Госпиталда даволаниб қайтгач, сапёр сифатида хизматни давом эттирди. Урушдан кейин ҳам ҳарбий қўшин сафида ҳудудларни фашист босқинчиларидан қолган миналардан тозалаш ишларида фаол иштирок этди. Зарарсизлантириш операцияларидан бирида жароҳатланиб, яна госпиталга тушди. 1952 йилдагина уйига қайтди. 

– Турмуш қурганимизга 60 йилдан ошди, – дейди Холқўзи бобонинг турмуш ўртоғи, кекса педагог Мукаррам Тошқўзиева. – Шундай дориломон кунларга етказганига шукр. Фарзандлар, набираю чеваралар тус-тугал. Бири ишласа, бошқаси ўқийди. 

Президентнинг байрам табриги, янги уйнинг калити ва кўплаб совға-саломларни олган Холқўзи бобо нуронийларга, айниқса, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Ўзбекистон раҳбарига, ҳукуматга, барча саховатли инсонларга миннатдорлик билдириб, юртимизда тинчлик-осойишталик барқарор бўлишини тилаб, дуо қилди. 

Top