Жамият | 19:23 / 08.05.2017
17878
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: кулги дарғаси Сойиб Хўжаев юртида “Хонобод таровати” ёшлар фестивали ўтказилди

Кўп йиллардан бери  май ойининг аввалида Андижоннинг сўлим гўшаси бўлган Хонобод шаҳри ўз бағрига меҳмонларни чорлайди. 6 май куни кўм-кўк дарахтларга бурканган масканда “Хонобод таровати” ёшлар фестивали ўтказилди.

Водий аскиячилари ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган санъат усталари томонидан халқ олдидаги чиқишлар узоқ вақт ёдда қолиши аниқ.

Шунингдек, фестивал доирасида 15 май Халқаро оила кунига бағишланиб ўтказилган “Оилам бахтим менинг” кўрик-танловининг “Намунали оила”, “Меҳрибон қайнона”, “Ҳунарманд оила”, “Ёш оила” ва “Санъаткор оила” номинациялари бўйича вилоят босқичи ҳамда “Отам, онам ва мен- спортчилар оиласимиз!” мусобақалари ўтказилди.

Фестивалга ташриф буюрган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбирни айнан “Хотира ва қадрлаш куни” олдидан ўтказилиши ўзгача маънога эга эканлиги ҳақида гапириб, кулги дарғаси марҳум Сойиб Хўжаевни хотирлади. Риода ўтган олимпия ўйинлари рекордчиси Руслан Нуриддинов сингари кўплаб иқтидорларни вояга етказган сўлим шаҳарга ташриф буюрганларни қутлади.

Оммавий сайил тарзида ўтган тадбир якунида “Аскиячилар танлови”да ғолибликни қўлга киритган Қўрғонтепа, Асака ва Бўз тумани иштирокчилари тақдирландилар. “Оилам бахтим менинг” танлови қатнашчилари орасида муваффақият қозонган оила вакилларига вилоят ҳокими ўринбосарлари Серобиддин Исмоилов ҳамда Манзурахон Юнусовалар иштирокида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид