Уруш бутун Ер курраси бўйлаб борар эди; уларнинг баъзилари кунлаб чўзилса, бошқалари ойлаб, ҳаттоки йиллаб давом этаётганди. Хўш, иккинчи жаҳон урушининг қайси жанглари энг муҳимлари сифатида тарихга муҳрланиб қолган?

«Энг муҳим» деганда, албатта, «ҳал қилувчи» жанглар назарда тутилмаган ёки бўлмаса уларнинг «энг катта», «энг шарафли», «энг қонли», «энг маҳоратли» ва «энг муваффақиятли»сини англатмайди.  Биз «муҳим» деганимизда урушнинг якунига бўлмаса-да, кейинчалик юз берган ҳарбий ёки сиёсий воқеаларга катта таъсир ўтказган жангларни назарда тутдик. Уларнинг энг қисқаси 90 дақиқа, энг узоғи — уч ой давом этган.

 

1. Франция. 1940 йил, май

Бенилюкс давлатлари ва Франция шимолининг бор-йўғи уч-тўрт ҳафтада тезлик билан ва қўққисдан эгаллаб олиниши манёврга асосланган немисча жанг маҳоратининг энг яхши мисоли бўла олади.

Бу жангларда немислар француз армиясининг белини синдириб юборишган. Ҳитлер Ғарбий Европа устидан тўлиқ ҳукмронликка эга бўлган, шундан сўнг фашистлар Италияси ҳам урушга қўшилган. 1940 йилдан 1945 йилгача бўлган барча воқеалар мана шу ғалабанинг оқибати ҳисобланади.

Немис армияси ўшанда бир хатога йўл қўйган ва алал-оқибат у ўта муҳим хато бўлиб чиққан: улар Британия экспедицион кучларининг Дюнкерк орқали қочишларига йўл қўйиб беришган. Натижада, Буюк Британия немислар учун сезиларли таҳдидлигича қолган ва Ҳитлернинг ғалабаси тўлақонли бўлмаган.

Сталиннинг ҳам капиталистик давлатларнинг ўзаро вайрон қилувчи, узоқ давом этувчи можароларини кутгани ҳам ўзини оқламаган; совет иттифоқининг ўзи ҳам таҳдид остида қолган.

 

2. Британия учун жанг. 1940 йил, август–сентябрь

Бостириб киришни режалаштира туриб, Люфтваффе кучлари Буюк Британия қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари базасини, сўнгра Лондонни ҳам бомбардимон қилишган. Бундан асосий мақсад ҳавода ташаббусга эга бўлиш ва Британияни сулҳ имзолашга мажбурлаш бўлган.

Бироқ Британия радиолокацион тизимини ишлатаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва қудратли флотга эга эди. Жамиятнинг маънавий руҳи ҳам кўтаринки эди. Немислар бора-бора жиддий йўқотишларга дуч кела бошлашди ва кейинчалик кундузги бомбардимондан, кам самарали тунги аҳён-аҳёндаги парвозларга ўтиб олишди. Куз ҳам кутилганидан совуқроқ келди ва немисларнинг эҳтимолли бостириб кириш режасини чиппакка чиқарди.