Жамият | 08:50 / 04.10.2025
4425
2 дақиқада ўқилади

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбек аскарининг хоки Беларусдан олиб келинди

Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳалок бўлган Абдуллажон Дадабоевнинг хоки Беларусдан Ўзбекистонга олиб келинди.

Фото: Дунё

Абдуллажон Дадабоев 1918 йилда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида туғилган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Беларусни душманлардан ҳимоя қилиш вақтида ҳалок бўлган. Унинг хоки Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва мамлакат элчихонаси вакилларига топширилди.

Хотира тадбирида Буда-Кошелево тумани ижроия қўмитаси раҳбарияти, кенг жамоатчилик, фахрийлар ва ёшлар қатнашди.

Туман Ижроия қўмитаси раиси Валентин Ундрул ўз нутқида орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, ўша даҳшатли уруш ҳамон янги-янги фактлар, воқеалар, тарихлар билан ўзини эслатиб турганини ва аниқланаётган ҳар бир далил инсон ҳаётидаги катта фожиа эканини таъкидлади. Унинг айтишича, жорий йилда олиб борилган қидирув ишлари давомида Фарғона вилоятида 1918 йилда туғилган жангчи Абдуллажон Дадабоевнинг тана қолдиқлари ҳамда унга тегишли жиҳозлар ва ўқ-дорилар Рогин қишлоғи ҳудудида олиб борилган қидирув ишлари давомида топилган.

Туман раҳбари қидирув ишларини олиб борган Беларус Мудофаа вазирлигининг 52-ихтисослаштирилган қидирув баталони ва Гомел кадетлар билим юртининг "Қизил погонлар" қидирув клубига миннатдорлик билдирди.

Ўзбек халқининг фарзанди Абдуллажон Дадабоевнинг хоки 27 сентябр куни Минск шаҳридан Ўзбекистонга олиб келинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид