Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятига, инсоният ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарлар, бало-ю офатлар қайсилар, деб савол берилганда, шубҳасиз биринчи галда терроризм, гиёҳвандлик, диний экстремизм каби тушунчалар фикримизга гавдаланади. Улар юзага келтираётган катта муаммолар ва салбий оқибатларини ҳам тез фурсатда ўйлай бошлаймиз. Сабаби бу қирғинбаротликлардан бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти азият чекмоқда...

Лекин булардан қолишмайдиган яна бир иллат бор. У бизнинг ичимизда, ёнгинамизда, шундоққина кўз ўнгимизда турганини баъзан пайқамаймиз ҳам. Айнан шу иллат тинч-тотув яшаётган оилаларнинг бузилиб кетишига, бир-бирига меҳрибон ака-ука, ота-болаларнинг ўзаро «юз кўрмас» бўлиб кетишларига, жамиики тубанликлар, жиноятлар ва безориликларнинг кўпайиб ёшларнинг онги заҳарланишига, шунингдек, жамиятимизда носоғлом муҳитнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Бу - ичкиликбозликдир.

Ичкиликбозлик соғлом жамиятга ҳам, унда ўсаётган ёш болалар, ўспиринларнинг руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ҳатто, юришни зўрға эплайдиган болачаларнинг оддий газли сувдан ичиб, «мен мастман, ароқ ичдим, мени ушла, йиқилиб тушаман» каби сўзлар билан «пиёниста»ларга тақлид қилиб, чайқалиб, қоқилиб юришларига кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз.

Ваҳоланки, инсон номига доғ туширадиган жиноятлар, безориликлар ва уни қинғин йўлларга ундайдиган ҳам шу - ичкиликдир.

Ичкиликни Кайковус «Мастлик девоналик ва дарбадарликдир», деб қораласа, Саъдий Шерозий эса «Бу лаънати шайтон идиш ичида тинч ва осойишта ўтиради. Аммо агар уни ташқарига қўйиб юборсангиз, май билан бирга томоқдан ўтиб, ҳатто филни ҳам масхарабозлардек ўйнатади», дейди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, содир этилаётган ўнта жиноятларнинг тўққизтаси спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида содир этилар экан.

Ушбу мақола орқали биз ичкиликка ружу қўйган айрим кимсаларнинг қинғир қилмишларини, бунинг оқибатида улар томонидан содир этилган ўта оғир жиноят тафсилотларини баён этмоқликни жоиз деб билдик.

Бухоро тумани Работиқалмоқ қишлоқ фуқаролар йиғини «Боғдорчилик» жамиятига қарашли дала ҳовлиларнинг бирида истиқомат қилувчи Қамбар бобо аёли Хосият момо ва невараларини Бухоро шаҳрида яшовчи қизининг уйига меҳмондорчилик учун юбора туриб, ёлғиз ўзи дала ҳовлида қолади.

Шу куни Қамбар бобонинг дала ҳовлиси жойлашган ҳудудда истиқомат қилиб келаётган Ашуров Жўра Тўраевичнинг уйида базми жамшид авжида. «Ўхшатмаса учратмас» деганларидек, Жўра ичкиликка муккасидан кетган ҳамтовоқлари Рустамов Аҳмед Ғаффорович ва Рустамов Нодир Ботировичларни эрта тонгдан ўзининг уйига таклиф қиладида, навбатдаги базмни уюштиради.